Ижтиход қилишнинг шартлари

 Қуръон карим ва ҳадиси шарифдан ҳукм олиш ёки бир масала чиқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бу масъулиятли ишни ижтиҳод (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш) даражасига етган мужтаҳид зотларгина амалга оширишлари мумкин.

“Нурул-анвор” китобида Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқариш учун қуйидаги шартлар топилиши баён қилинган:  

“Ижтиҳод қилишнинг шарти – Қуръони каримни луғавий ва шаръий маъноларини пухта билиш, ҳадис ва унинг етиб келиш йўлларини ҳамда қиёснинг турларини чуқур англаб етишдир”.

Қуръони каримни билиш дегани – Қуръоннинг маъноларини қисқача тушуниш эмас, балки, Қуръони каримга доир барча илмларни чуқур билиш ва бу соҳада моҳир бўлиш керак. Яъни, носих (ўзидан олдинги оятнинг ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган) оятлар ҳақидаги илм, мутлақ (умумий маънода келган) ва муқайяд (махсус бир маънода келган) оятлар ҳақидаги илм, сабаби нузул – оятларнинг тушиш сабабларига доир илм, араб тили, усулул фиқҳ, балоғат ва фасоҳат фанларида моҳир бўлиши ва бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши керак.

Ҳадис илмини билиш дегани – “саҳиҳ”, “ҳасан” ва “заиф” ҳадисларни билиш, ҳадис ровийларининг тарихини билиш, носих (ўзидан олдинги ҳадиснинг ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган )  ҳадисларни билиш ва  бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши зарур.

Қиёс йўлларини яхши билиш дегани – оят ёки ҳадис ёхуд ижмода далили келган масаланинг иллати (сабаби) шаръий ҳукми бўйича далил келмаган масалада топилиб, унга тенглаштиришдир. Қиёс қилишнинг бир қанча шартлари ва қонун-қоидалари бор. Қиёс қилувчи киши мана шу илмларни барчасини билиши лозим.

Эргашев Жўрабек Балиқчи туман “МуллаХидирали” жоме масжиди имом-хатиби