Барзах хаёти

Динимизда қатъий эътиқод қилинадиган тушунчалардан бири шуки, инсон ҳаёти учга бўлинади. Дунёдаги синовли ҳаёт, қабрдаги барзахий ҳаёт ва охиратдаги абадий ҳаёт. Буларга имон келтириш имон асосларидандир. Инсон вафот этиши билан унинг охиратдаги янги ҳаёти бошланиши, яъни Қиёмат кунигача қабр ҳаёти – барзахда яшаши ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Шунинг учун мусулмонлар инсон ўлди, тамом, у энди бутунлай унутилди, демайдилар. Балки, бу дунёдан ўтган мўмин-мусулмонларга ҳурмат бажо келтириб, доимо дуолари, тиловатлари ва хайру-эҳсонларида ёд этадилар. Аллоҳ таоло ўтганларнинг ҳаққига дуо қилувчи мўминларни мақтаб шундай дейди:

“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси 10-оят).

Ўтганларни яхшилик билан ёдга олишнинг бир кўриниши уларнинг қабрларини зиёрат қилишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди зиёрат қилаверинглар. Чунки қабр зиёрати қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради ва охиратни эслатади. Лекин фаҳш-ёмон сўзларни сўзламанглар” (Имом Ҳоким ривоят қилганлар).

Мана шу ва бошқа ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, уламоларимиз қабр зиёрати эркакларга ихтилофсиз савобли иш эканини айтганлар. Аёлларнинг қабр зиёратига аксар уламолар шартлар билан рухсат берганлар. Аёллар эрларининг розилиги билан сатри авратда, йиғлаб дод-вой қилмасдан қабрларни зиёрат қилишлари дуруст. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо Мадинадан Маккага келганларида Макка шаҳрига дафн қилинган акалари Абдурраҳмон ибн Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг қабрларини зиёрат қилар эдилар.

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфиота” жоме масжиди имом-хатиби