Ўзаро хамжихатлик

Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган.

Шукрлар бўлсинки, халқимизнинг қон-қонига миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сингиб, айни пайтда юртимизда 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликда тинч-тотув яшаб келмоқдалар.

Маълумки, Исломда  миллат ажратиш йўқ. Кишиларни миллатига қараб ажратиш жоҳиллик ва илмсизлик ҳисобланади. Чунки саҳобаи киромларнинг ҳам ораларида турли миллатга мансуб зотлар бор эдилар. Масалан, машҳур саҳобаи киромлардан Салмони Форсий разияллоҳу анҳу форс, Билол Ҳабаший разияллоҳу анҳу ҳабаш миллатига мансуб бўлганлар. Суҳайб Румий разияллоҳу анҳу эса, румлик бўлганлар.

Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Демак, биз қайси миллат ва элат вакили бўлишимиздан қатъий назар бир ота-онанинг фарзандлари эканмиз. Мана шу нарсани эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфиота” жоме масжиди имом-хатиби