Турли улов ва транспорт воситалари – Аллоҳнинг бизга берган неъмати

  Инсон зотига турли хил уловларнинг бўйсундирилиши, ҳаракатланиши учун қулай йўллар қилингани, кейинги асрларда янги-янги транспорт воситаларининг кашф этилиши Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъматлардир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

Шунингдек, улар (мазкур ҳайвонлар) сизлар жонларингизни қийнаб етадиган юртларга юкларингизни кўтариб борур. Албатта, Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир (7). У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур”(8) (Ан-Наҳл сураси 7-8-оятлар).

Ҳар бир неъматнинг шукри – уни шариатга мувофиқ, гўзал ҳолатда ишлатишдир. Шунинг учун инсон уловда юрганида қўлидан келганича ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати қоидаларига, светофор чироқлари ишораларига риоя қилиши лозим бўлади. Қизил чироқда ўтиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади. Машинага минишни яхши ният билан бошлаш, йўл давомида ўзгалар билан чиройли муомала қилиш – юксак одоб намунасидир.

Ғаниев Абдужаббор Балиқчи туман “Пучуқой” масжиди мутаваллиси