Транспорт воситаларини бошқариш одоблари ва унда мўътадил бўлиш

Аксарият йўл транспорт ҳодисалари маст ҳолда машинани бошқариш, тезликни меъёрдан ошириш, телефонда гаплашиш сабабли юз беради. Маст қилувчи ичимликларни ичиш – катта гуноҳ, маст ҳолда рулга ўтириш – бунданда оғирроқ жиноят. Телефонда гаплашиш эса ҳайдовчининг ҳам, пиёданинг ҳам диққатини олади. Фалокат учун одам бир неча сония чалғиши кифоя қилади. Динимиз кўрсатмаларида инсон одатда пиёда юрганда ҳам, уловда юрганда ҳам, мўътадил бир тезликда юришга тарғиб қилинади. Пиёда юрганда ҳаддан ташқари тез юриш мўминнинг ҳайбатини кетказади. Уловда ҳаддан зиёд тез юриш кибр ва ўзини бошқалардан устун қўйиш сабабли бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай дейди:

“Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси 37-оят).

          Юқоридаги ояти карима ҳайдовчиларни ҳам уловларида оғир-босиқлик ва сабр билан, шошмасдан юришга чақиради. Танганинг икки томони бўлгани каби, йўлларда жуда секин ҳаракатланувчи транспорт воситалари, бошқаларга ноқулайлик туғдиради, йўлда тирбандлик ҳосил қилади. Буни ҳам ҳисобга олиш керак.

“Акрамов Ойбек ”Балиқчи туман “Қақирчек” жоме масжиди имом-хатиби