Савдодаги ҳалоллик

Маълумки, бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бундай имкониятлардан ҳар бир шахс оқилона фойдаланиб, дунё ва охирати учун захира бўладиган хайрли ишларни амалга ошириши айни муддаодир. Динимиз инсонлар ўртасидаги муносабаталарда ҳамиша адолат, инсоф, ҳалоллик бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чақиради. Бу муносабатлар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай  марҳамат  қилган:

“Аллоҳ савдони  ҳалол, рибони ҳаром  қилди” (Бақара сураси, 275 оят).

Динимиз ростгўй ва ҳалол савдогарларга юксак мартабаларни ваъда қилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Ростгўй савдогар Қиёмат кунида аршнинг соясидадир” (Имом Дайламий ривояти).

Савдо-сотиқда ростгўй бўлмаган ва тақво қилмаган кимсалар Қиёмат кунида гуноҳкор ҳолатда тириладилар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Эй, савдогарлар жамоаси!”. Ҳамма қаради, шунда У Зот: “Албатта, савдогарлар қиёмат кунида гуноҳкор ҳолатда тириладилар, фақат ким (савдода) Аллоҳдан қўрқса, солиҳ амалларни қилса ва рост сўзласа бундан мустасно”, дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Бу ҳадиси шарифдан тижорат шарафли касб бўлиши билан бирга ростгўй ва тақводор бўлишни талаб қиладиган ўта масъулиятли касб эканлиги маълум бўлмоқда.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг Бишр исмли савдода шериклари бор эди. Бишр савдо қилиш мақсадида Мисрга қараб йўл олди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ унга ипак матодан етмишта кийим юбордилар. Шерикларига юборган молнинг маълум қисми айбли экани, уларни сотаётган

вақтда олувчига айбини айтиб сотиши лозимлигини тайинлаб хат ёздилар. Бишр молларни ҳаммасини сотиб Куфага қайтди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ундан: “Ипак матоли кийимларни айбини айтиб сотдингми”? – деб сўрадилар. Уларни айтиш ёдимдан кўтарилибди – деди Бишр ҳижолат бўлдилар. Шунда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ савдодан тушган фойда катта бўлишига қарамасдан уни ҳаммасини садақа қилиб юборганлар.

Мазҳаббошимизнинг бу парҳезкорликлари ва бошқанинг ҳаққидан ҳазар қилишлари барчамизга намуна ва ўрнак бўлиши лозим.

“Пўлатов Отабек” Балиқчи туман “Мулла хидирали” жоме масжиди имом-ноиби