Росулуллох сийратлари

Суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бағрикенгликда ҳам барчага намуна бўлганлар. Қуйида У зотнинг муборак тарихларидан бағрикенгликларига оид баъзи маълумотларни келтирамиз:

  • Имом Бухорий ва Имом Муслим келтирган ривоятга кўра, бир яҳудий аёл Расулуллоҳга заҳар солинган қўй гўшти берди. Аёл бу ишини тан олиб, қилмишига иқрор бўлганидан кейин Расуллуллоҳ алайҳиссалом қасос олишга қодир бўла туриб уни кечириб юбордилар. Чунки У зот алайҳиссалом ўзлари учун ўч олмасдилар.
  • Уҳуд кунида олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат саҳобаи киромларга жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: “Уларни дуоибад қилсангиз-чи?” дейишгача бордилар. Шунда У зот:

“Мен лаънатловчи қилиб эмас, даъват этувчи ва раҳмат қилиб юборилганман. Ё Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, –  дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Бағрикенгликни қаранкки, шунча озор берган одамлар ҳаққига дуои хайр қиляптилар. Ваҳоланки, дуолари ижобат эди. Нимани сўрасалар Аллоҳ берадиган Зот эдилар.

  • Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан жаноза ўтиб қолди. Шунда У зот ўринларидан турдилар. Атрофдагилар бу яҳудий кишининг жанозаси деб айтишди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам:

“У инсон эмасми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

    Демак, биз инсонлик ҳурмати сабабли барча билан яхши муносабатда бўлишимиз керак бўлади.

  • Расулуллоҳ вафотларидан олдин бир ғайридиндан буғдойни қарзга олиб, гаровга совутларини берганлар. Аслида Расулулллоҳ алайҳиссалом саҳобаи киромлардан ҳам буғдойни сўрасалар бўлар эди. Улар бир пасда муҳайё қилишар эди. Чунки саҳобаи киромлар “Жонимиз фидо, Эй Расулуллоҳ!” – деб турар эдилар. Расулуллоҳнинг мана шу муомалаларини ўзи ҳам биз умматларга катта дарс бўлган. Бир жамиятда, бир маҳаллада нафас олиб турганимиздан кейин, ўзга дин вакиллари билан яхши муомала ва муносабатда бўлишимизга ишора қилганлар.

Демак, биз суюкли Пайғамбаримизга ҳар қадамда эргашишга ҳаракат қилар эканмиз, бағрикенгликда ҳам У зоти шарифдан ўрнак ва андоза олишимиз даркор. Шундай экан, мўмин-мусулмонлар нафақат бир-бирларига балки, ўзга дин вакиларига ҳам яхши муомала ва муносабатда бўлиб, Ислом динини гўзаллигини намоён қилишлари керак.

Яқубов Шерали Балиқчи туман “Мирзақосимхожи” жоме масжиди имом-хатиби