Она васфи

Оналарнинг оёғи остидадир,

Равзаи жаннату боғи.

 Маълумки, Ислом келишидан олдин жоҳилият даврида аёлларнинг деярли ҳуқуқлари бўлмаган. Улар нафақат меросдан маҳрум қилинган, балки ўзлари бир буюм сифатида меросхўрлар ўртасида тақсимланган. Инсониятни залолатдан ҳидоятга олиб чиққан Ислом динимиз, бу масалага барҳам бериб, аёлларга ҳам эркаклар сингари ҳуқуқлар берди ва аёлларга чиройли муомала қилишга буюрди. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).

Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

“Мўминларни имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхшироғидир.   Сизларнинг энг яхшиларингиз  аҳли аёлига яхшилик қиладиганингиздир” (Имом Термизий ривояти).

Шуни таъкидлаш керакки, аёл киши таом, ичимлик, либос ва шу каби бошқа моддий нарсаларга эҳтиёжманд бўлгани сингари, ширин сўзга, чиройли табассумга, гўзал муомалага ва меҳрга муҳтождир. У қалбини завқлантирадиган, ғамни кетказиб, ҳаётни саодатли қиладиган ёқимли ҳазил-мутойибага ҳам баъзи моддий таъминотлардан кўра кўпроқ эҳтиёж сезади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига гўзал муносабат ва самимий муомалада бўлганлар. Демак, ҳар бир эр аёли билан бўладиган муносабатларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига намуна қилиб олмоғи зарурдир.

Ғаниев Абдужаббор Балиқчи туман “Пучуқой” масжиди мутаваллиси