Меҳмондўстлик мўминга ҳос фазилат

      Ислом ахлоқи ҳар замон ва ҳар маконда барча маънавий фазилатлар каби меҳмондўстликнинг ҳам жуда ёрқин ва ибратли намунасини кўрсатган. Меҳмондўстлик мўъминга хос хислат бўлиб, одамлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, меҳмонга эхтиром кўрсатиш мўъминнинг Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймон-эътиқодининг аломатидир. Шу сабабли Ислом ахлоқи мўъминларни меҳмондўст бўлишга тарғиб қилган. 

 Иброҳим алайҳиссаломнинг Қуръонда васф қилинган меҳмондўстлигидан ибрат олган мўъминлар меҳмонни очиқ чехра билан, салом бериб қарши олишлари, унинг ҳурматини жойига   қўйиб,   ҳақларини   адо   этишлари   лозим.

Меҳмон эҳтиёж юзасидан келган бўлса, уни ортиқча саволлар билан қийнамай, эҳтиёжини баён қилишга имкон бериш керак. Гапларини диққат билан тинглагач, уни ҳижолатга қўймай, имкон қадар ҳожатини раво қилиш ҳаракатида бўлиш керак. Меҳмон кутиш борасида риоя қилиниши керак бўлган одоблардан бири — пайсалга солмай дастурхон тузаш ва уйдаги энг яхши неъматларни дастурхонга тортишдир. Меҳмонни овқатланиш учун ортиқча мажбурламаслик, меҳмондорчиликни овқат пишириш беллашувига айлантирмаслик керак. Ширин суҳбат, мезбонлик одоби, оилавий анъаналар, оила аъзолари билан яқиндан таништириш ва бу билан оиласининг ибрат бўладиган томонлари хусусида мақтанмасдан, оғир ботмайдиган қилиб ғоят зукколик билан фикр алмашиш лозим. Меҳмоннинг ўзи дастурхонни йиғиш тақлифини бермагунча дастурхон йиғмаслик, овқатланиш учун меҳмонни ортиқча мажбурламаслик, намоз вақтини эслатиб, уни адо этишга имкон яратиш мезбоннинг вазифаси бўлса, уй эгасининг вақтини олмаслик, нафси очлик қилиб кўп емаслик, мезбон кўрсатган жойга ўтириш, уни ҳижолатга қўймаслик, зиёфатдан сўнг хонадон сохибининг хаққига дуо қилиш меҳмоннинг бурчи хисобланади. Ўз ихтиёри билан меҳмон чақириш борасида амал қилиниши зарур бўлган қоидалардан яна бири, меҳмондорчиликнинг шариат доирасида ва тақлиф қилинган меҳмонларнинг тақводор, дуогўй одамлар бўлишига эътибор қаратишдир. Бу хакда Пайғамбаримиз соллаллоҳу атайхи васаллам шундай деганлар:

«Мўъмин кишилар билан дўст бўл ва таомингни фақат тақводор кишиларга егиз».

Бошқа бир ҳадиси шарифда:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, меҳмонини ҳурмат қилсин”, – дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Ислом таълимотида мўъминлардан талаб қилинган меҳмондўстлик мақтаниш ва риё мақсадида, кишиларнинг бой-камбағаллигига қараб табақаланмаслиги керак. Аксинча, меҳмонлар фақир, мухтож бўлса, уларни меҳмон қилиб сийлаганлиги учун савоб ҳам кўпроқ берилишини унутмаслик лозим.  Мўъмин одам инсонларнинг ҳақиқий юрти охират юрти эканлигини, бу дунё бир меҳмонхона, унда ҳамма инсонларнинг меҳмон эканлигини унутмаслиги ва шунга муносиб равишда меҳмоннавозлик қилиши керак

Эргашев Жўрабек Балиқчи туман “Мулла Хидирали” жоме масжиди имом-хатиби