Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишнинг шаръий ҳукми

Ислом Фиқҳи Академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси каби фатво ташкилотлари ва жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади. Улар ўз сўзларига “Маслаҳатул мурсала”ни далил қиладилар (“Маслаҳатул мурсала” – шариатда кўзда тутилган фойдани жалб қилиш).  Чунки йўл ҳаракати қоидалари шариатимизга зид эмас. Ундан ҳамма одамларнинг фойдаси кўзланади ва қоидаларга амал қилиш – бошлиқларга итоат қилиш қабилидан ҳисобланади. Демак, юқоридаги сабабларга кўра йўл қоидаларига амал қилишнинг лозимлиги ва уни бузганларга молиявий жазолар қўллаш мумкинлиги  келиб чиқади.

Шуниси ачинарлики, айрим мутаассиб, жоҳил “фатво берувчилар”:  “Йўл ҳаракати қоидалари Қуръони каримда ҳам, суннатда ҳам ворид бўлмаган, у ислом шариатидан ташқаридаги нарса, демак, унга амал қилмаса ҳам бўлаверади” деган ўта аҳмоқона фатволарни бермоқдалар.

Баъзи мусулмонларнинг бу каби найрангларга учиши оқибатида бугунги кунда йўлдаги тартибсизликлар, дилхираликлар ва ўлим ҳолатлари бўйича “биринчилик”ни мусулмон юртлари қўлдан бермай келмоқдалар. Аслида эса йўл маданияти борасида мусулмонлар эмас, балки бошқаларнинг пешқадам бўлиши биз учун ор ҳисобланмоғи даркор.

“Шокиров Назиржон ”Балиқчи туман “Боязид Бастомий” жоме масжиди имом-ноиби