Хайрли ишларда мусобақа қилайлик

Бу имтиҳон дунёсида яхши ҳам бор, ёмон ҳам бор, ҳалол ҳам бор, ҳаром ҳам бор. Ҳамма нарса ҳалол, ҳамма бир хил мўмин-мусулмон бўлганида синовдан маъно қолмаган, ёмон бўлмаса, яхшини қадрига етмаган бўлардик. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирлари билан имтиҳон қилиши ҳақида шундай дейди:

 “…Агар Аллоҳ хоҳласа эди, сизларни бир уммат (бир хил шариатда) қилиб қўйган бўлур эди. Лекин Ўзи берган нарса (шариатлар)да сизларни синаш учун (бир хил қилмади). Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз!…” (Моида сураси, 48-оят).

Мўмин-мусулмонлар ўзаро ёру биродар бўлиб, дунёдаги синовлардан яхши ўтиб олишлари учун, бир-бирларини тўғри йўлга чақириб, ёмонликдан қайтариб турадилар. Агар ҳамма “Ўзим чиққан тепа омон бўлсин”, деб ҳаракат қилса, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш бўлмаса, жамиятда фисқу-фасод кўпаяди ва тобора зарари катталашиб боради. Буни қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб оламиз:

Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз, ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборади, ундан кейин қанча дуо қилсангиз ҳам дуоингиз қабул бўлмайди” (Имом Термизий ривояти).

Шу ҳадисдан келиб чиқиб, барчамиз жамиятдаги ёмон иллатларни йўқотишга имкон қадар ҳиссамизни қўшишимиз керак. Буни маълум бир идораларнинг иши деб ўйламайлик. Ҳозир бўлиб турган фазилатли жамоатимизнинг ёрдами маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қиладиган ён-атрофимиздаги кишиларни тўғри йўлга қайтариш учун ниҳоятда зарур. Фақат ўзимизни ўйлаб, уларни унутишимиз инсофдан эмас.      

Маълумки, инсоннинг ақлини кетказадиган, унинг дин-диёнати ва обрўсига путур етказадиган, қолаверса, оиласи ва яқинларига азият берадиган маст қилувчи нарсалар ҳам бу дунёнинг синовларидан биридир. Бундай моддалар инсоният яратилибдики мавжуд бўлган ва турли номлар билан аталган. Бизнинг давримизга келиб уларнинг номи ва тури яна ҳам кўпайди. Маст қиладиган моддалар ичиладиган, чекиладиган, укол қилинадиган, ҳидланадиган ва таблетка кўринишида юзага чиқди. Уларнинг ҳаммаси бир ҳукмдадир.

Динимизнинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсуниш ақлли, балоғатга етган кишиларга вожиб бўлади. Инсон ўз ихтиёри билан ақл-ҳушни кетказадиган, маст қиладиган нарсаларни истеъмол қилиши мумкин эмас. Мастликни замонамиз олимлари “ихтиёрий жиннилик”, деб аташади.

Ислом дини келганда ўша вақтдаги халқ ичкиликка муккасидан кетган эди. Аллоҳ таоло бу муаммони ўзининг ҳикмати билан, босқичма-босқич ҳал қилди. Май ҳақида бир эмас, тўртта оят нозил бўлди. Охирги оятда Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимликларни қатъий ҳаром қилди:

“Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят).

Гиёҳвандлик моддалари ҳам маст қилувчи хусусиятга эга. Шундай экан, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар гиёҳвандликка ҳам тегишлидир.

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфиота” жоме масжиди имом-хатиби