Етимларга ғамхўрлик

Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси билан гоҳида болалар ёшлигиданоқ ота-онасидан ажраладилар. Улар учун ота-онани ўрнини босувчи кишиларга эҳтиёж туғилади. Етим болалар айнан ёрдам ва эътиборга лойиқ жамият аъзоларидир. Аллоҳ таоло жамиятдаги бошқа шахсларнинг етимларга бўладиган муносабати, уларнинг мол-мулкларига оид ҳукмларни ҳам Қуръони каримда ва Ўз пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари орқали баён қилиб берган.

Мусулмон жамиятининг етимларга кўрсатадиган биринчи эътибори, етимларнинг дилини оғритмаслик, уларнинг ҳаққини емаслик ва улар балоғат ёшига етгандан кейин, уларнинг мол-мулкларини ўзларига қайтариб беришдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар  назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир” (Нисо сураси, 6-оят).

Фиқҳий қонун-қоидаларга кўра, шариатимизда етим деб балоғатга етмасидан олдин отаси вафот этган болага айтилади. Балоғат ёшига етганидан сўнг етим ҳисобланмайди. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Эҳтилом (балоғатга етган)дан сўнг етимлик йўқдир. Кундузи то кечгача сукут қилиб, (бошқа диндагиларда бўлгани каби) жим туриш ҳам йўқдир”, (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Демакки, юқоридаги оят ва ушбу ҳадиснинг далолатига кўра етимларнинг вояга етишлари, уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари билан шарт-шароитлар ўзгаради.

Бизнинг диёрларда етим-есирларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг бошини силаш улкан савоб экани, етимнинг ҳаққини ейиш оғир гуноҳ эканлиги каби тушунчалар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетгандир. Бизнинг ота-боболаримиз олийжаноб ислом динимизнинг таълимотига амал қилиб, етимлар, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганларга меҳр-мурувват улашиб, керак бўлса уйларидан жой берганлари фахрланса арзигулик ишдир.

Етимни кафолатига олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мен билан мана шундай ёнма-ён турамиз”, — деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган иборанинг кўп эшитилишига ҳам асослар бор. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўла туриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва гўдак фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими!?

Етимни кафолатга олишнинг фазилатли бўлиши муқобилида, Қуръони каримда етимга қаҳр қилмаслик, унга мерос қолган молга кўз олайтирмаслик таъкидланади:

“Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!” (Зуҳо сураси, 9-оят).

 Ваҳоланки, етимларга ғамхўрлик қилиш борасида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмонлик қилинадиган уйдир, — деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилари етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.

Мамадалиев Вохидулло Балиқчи туман “Хотамхонтўра” жоме масжиди имом-хатиби