Динимизда йўлдан фойдаланиш ҳаққи ва одоблари

Маълумки, динимиздаги кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Ундан пиёда ҳам, автомашинада ҳам фойдаланиши мумкин. Бунда саломатлик, яъни ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт қилинади. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари Исломнинг асос қоидаларидан биридир:

Зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ” (Имом Ибн Можа ривояти).

Юқоридаги шаръий қоидага кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади. Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом одамларнинг йўлидаги азият етказувчи нарсаларни четга олишга тарғиб қилганлар:

Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради” (Имом Бухорий ривояти).

Лекин ҳар соатда автомашина ойнасидан турли нарсаларни ҳеч ўйламасдан ташлаб юборамиз, ҳатто баъзи вақтларда ўзимиз йўлда ўзгаларга азият берувчи “тўсиқ”, “тиканли бутоқ”қа айланамиз. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги нарсаларни йўлнинг ҳаққи деганлар:

“…Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшилика буюриш ва ёмонликдан қайтариш” (Муттафақун алайҳ).

Ҳадиси шарифдаги “азият” кўп нарсаларни ичига олади. Энг ёмонларидан бири – ўзгаларга тил билан озор етказишдир, айниқса, ҳақорат, сўкиш – мусулмонлик одобларига мутлақо зиддир. Ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай дейилади:

Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир(Муттафақун алайҳ).

Очиқ ойдин гуноҳ қиладиган одамни “фосиқ” дейилади. Бир мусулмонни жонига қасд қилиш катта гуноҳлигини билиб туриб, уни қонини ҳалол санаш –куфрдир. Аллоҳ ўзи бундан сақласин!

Гоҳида бўлар-бўлмасга сигнал чалиш, номаҳрамларга назар солиш ёки мусиқани баланд қўйиш билан ўзгаларга озор берамиз. Кечки пайтларда бошқа ҳайдовчиларнинг кўзини қамаштирадиган, тақиқланган ёритгичларни ёқиб юришдан “завқланамиз”.

Мажидов Абдупаттоҳ Балиқчи туман “Жахонгирхон” жоме масжиди имом-хатиби