Ақидавий мазхаблар

Фиқҳий мазҳаблар шаклланиб бўлгандан кейин бузғунчи ақидавий фирқалар чиқиб, мусулмонлар оммасининг ақидасига футур етиш хавфи туғилди. Мусулмон уммати учун ана шундай ўта таҳликали бир пайтда тўғри йўлдаги ақидавий мазҳаб бўлишига эҳтиёж туғилди.

Натижада 3-4-ҳижрий асрларда Мотуридия ва Ашъария ақидавий мазҳаблари шаклланди. Ислом олами бир овоздан Имом Мотуридий ва Имом Абулҳасан Ашъарийни Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олди.

Абу Мансур Мотуридий ва Абул Ҳасан Ашъарий Аҳли суннанинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар: 

“Суннатдан мақсад – аҳли суннат ва жамоат имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).

Ҳофиз  Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

“Қачон Аҳли сунна вал жамоа дейилса Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийлар тушунилади” (“Итҳафу садатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).

Тошпўлатов Мехмонали Балиқчи туман “Қиличбурхонбува” масжиди имом-хатиби