Ўз жонига қасд қилишнинг мудхиш оқибатлари

Аллоҳ таоло азиз қилган инсоннинг ўз жонига қасд қилиши, ўз қонини тўкиши худди бошқаларнинг жонига қасд қилиш каби энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики:

“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси, 32-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло айтади: 

“Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).

 Шу муносабат билан афсус ила зикр қилиб ўтиш лозимки, шу кунларда айрим вилоятларда турли йўллар ила ўз жонига қасд қилиш воқеалари рўй бериб турибди. Айниқса, бу ҳодиса аёллар ва ёшлар ўртасида кўпроқ рўй бераётгани маълум бўлмоқда. Ислом шариатида ўзини-ўзи ўлдирганлар ҳақида махсус фатволар берилган. 

Динимизда нафақат ўзини қасддан ўлдириш, балки эҳтиётсизлик туфайли ҳаётига зомин бўлиш ҳам қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

Али ибн Шайбон р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Ким уйнинг атрофи ўралмаган томи устида тунаса ва ундан тушиб кетиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас, ким денгизга мавжланиб турган вақтда чиқса ва чўкиб ўлса, унга ҳам ҳеч ким жавобгар эмас” (Имом Ҳоким ривояти).

Айни дамда, Ислом динида ўзини ўзи ўлдиришга олиб келадиган, инсон умрига зомин бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат этиш лозим эмаслиги таъкидланган. Қуйидаги ривоят шунга далолат қилади:

Али (р.а.) ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ (с.а.в.) бир жойга қўшин юбориб, уларга ансорлардан бирини раҳбар этиб тайинладилар. Йўлга чиқишгач, раҳбар уларни синамоқчи бўлиб: Расулуллоҳ (с.а.в.) сизларни менга итоат этмоғингизга буюрганлар, шундай эмас-ми? – деди. Улар: Ҳудди шундай, дейишди. Шундай экан, ўтин тўпланглар, деди ва олов келтириб, унга ўт ёқди, сўнгра: мана шу оташ ичига киришингларга буюраман, деди. Улар оташ ичига киришга шайланиб турганларида ораларидан бир йигит: Расулуллоҳнинг ҳузурларига айнан оташдан қочиб келган эдингиз-ку, бас шошилманг, аввал Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳузурларига боринг, агар оташга киришингизга У зот ҳам буюрсалар кирасизлар, деди. Шундан кейин Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеанинг хабарини бердилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар оташга кирганингизда ундан абадий чиқа олмас эдингиз. Итоат фақат шариатга мувофиқ ишлардадир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). Афсуски, бугунги кунда баъзи адашганлар турли раҳнамоларнинг буйруқлари ва фатволарига таяниб, ўзларини портлатиб ширин жонларига қасд қилишни ҳалол санамоқдалар. Юқорида келтирилган ҳадис, айнан мана шундай тоифадаги кишиларнинг қилаётган ишлари хато эканига ёрқин далил бўлади.

Яқубов Шерали Балиқчи туман “Мирзақосимхожи” жоме масжиди имом-хатиби