Ширк кечирилмас гунох

Уламолар ширк асосан икки турга: катта ширк ва кичик ширкка бўлинади деганлар. Катта ширк – Аллоҳга бирор-бир нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва у зот билан бирга бошқа нарсаларга ибодат қилишдир. У гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Аллоҳнинг Ўзи сақласин. Бу борада Ҳақ таоло Ўзининг каломида шундай деган:

“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди” (Нисо сураси, 48-оят).

Иккинчиси, кичик ширк бўлиб, у кишини Ислом миллатидан чиқармасада унда бардавом бўлиш катта ширкка олиб бориши мумкин. Бунда киши ўша ишдан дарҳол қайтиши ва тавба қилиши лозим бўлади.

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар, ушбу ширкдан сақланинглар, чунки, у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”, –дедилар. у зотга Аллоҳнинг иродаси ила бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?”, – деди. Шунда у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, биз билиб туриб, сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз”, – денглар, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривоят қилишган).

Демак, ширк чумолининг ўрмалашидан ҳам махфий тарзда мўмин киши амалларига кириб қолиши мумкин экан. Уламоларимиз ушбу ҳадисни изоҳлаб, ширк келтириш барча солиҳ амалларда, жумладан, дуо, сажда, назр, садақа каби жисмоний ва молиявий ибодатларда ҳам бўлиши мумкин, деганлар. 

“Эргашев Жўрабек ”Балиқчи туман “Мулла хидирали” жоме масжиди бош имом-хатиби