Саховат

Саховат – бу икки тоифа ўртасини боғловчи, уларни улфат қилувчи ва ҳар иккисини дунё имтиҳонидан яхши ўтишига ёрдам берувчи амаллардан биридир. Қуръони каримнинг 70 дан ортиқ оятларида одамларга инфоқ-эҳсон қилиш, яъни саховат ҳақида гап кетади. Исроф ва бахиллик қилмасдан эҳсон қилинса, албатта Аллоҳ таоло унинг ўрнини тўлдиради. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилади:

“Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

Бандалар тонгга етадиган ҳар бир кунда икки фаришта тушади. Улардан бири: “Эй, Аллоҳ! Инфоқ-эҳсон қилувчининг молига халаф (ўрнини тўлдирувчи) бергин”, — деса, бошқаси: “Эй, Аллоҳ! Бахилнинг молига талофат бергин” – дейди” (Муттафақун алайҳ). Дарқиқат, Аллоҳ таоло фаришталар томонидан сахий ва бахил ҳақида қилинган дуони ижобат қилади. Чунки фаришталарнинг дуоси қабул.

Яна бир ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

“Аллоҳ таоло айтди: “Эй, Одам боласи! Инфоқ қил, сенга ҳам инфоқ қилинади”.” (Муттафақун алайҳ). Албатта, Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмайди, инфоқ қилганга ўзининг фазли билан ризқ етказади.

Саховатдаги яна бир асосий қоидалардан бири эҳсондан кейин миннат ва азиятнинг бўлмаслигидир. Мана шундай гўзал яхшиликнинг мукофотини Аллоҳ таоло ўз зиммасига олади:

“Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан миннат ва озор етказмайдиган кишилар учун Парвардигорларидан мукофот бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 262-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсондан кейинги миннат ва азият ёмонлигидан огоҳлантириб шундай дейдилар:

Уч киши борки, Аллоҳ таоло уларга Қиёмат куни гапирмайди ҳам, қарамайди ҳам, уларни (гуноҳлардан) покламайди ҳам ва уларга аламли азоб бўлади. Улар – берганини миннат қилувчи, изорини (кийимини кибр билан) судраб юрувчи ва молини ёлғон қасам билан ўтказувчи кишилардир” (Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилган).

Динимизда мақталган олижаноб хислатлардан яна бири ўзи яхши кўрган нарсадан ўзгага ҳам эҳсон қилишдир. Яхшиликнинг мукофоти жаннатдир. Унга етиш учун сахийликнинг мана шу довонидан ўтиш керак бўлади. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Абу Талҳа Ансорийлар ичида хурмо боғлари кўп киши эди. Унинг энг севимли боғи Байроҳа эди. Боғ масжид (набавия)нинг рўпарасида бўлиб, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирар ва ширин сувларидан ичар эдилар. “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша  олмайсизлар… (Оли Имрон сураси, 92-оят)” ояти тушганда Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бориб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ таоло сизга, “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша  олмайсизлар”, оятини туширди. Менинг энг севимли молим эса Байроҳа боғидир. У Аллоҳ йўлига садақа бўлсин! Унинг савоби ва (охиратга) захира бўлишини Аллоҳдан умид қиламан! Боғни Аллоҳ сизга билдирган жойга сарфланг!” – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бай-бай, жуда фойдали мол, жуда фойдали мол! Гапингни эшитдим, боғни қариндошларингга бўлиб беришингни маъқул кўраман”- дедилар. Абу Талҳа: “Шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули!” – дедиларда боғни қариндошлари ва амакисининг ўғилларига бўлиб бердилар” (Муттафақун алайҳ). 

Саховатнинг энг юқори даражаси ўзи муҳтож бўлиб туриб эҳсон қилишдир. Бу ишни “ийсор” (луғавий маъноси, “устун қўйиш”) дейилади. Сахийликнинг зидди – бахилликдир. Ким бахилликдан сақланса, у нажот топувчилардан бўлади.

“Раззақов Абдуқаххор ”Балиқчи туман “Полвонкўл” жоме масжиди имом-хатиби