Расулуллоҳдан ўрнак олайлик!

Бугунги кунда аксарият масжидларда Рабиъул аввал – мавлид ойи муносабати билан Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари тараннум этилмоқда, қориларнинг Қуръон тиловатлари-ю нашидалари янграмоқда, мавлиди шарифлар ўқилмоқда. Бундай файзли кунлар мусулмон умматига катта қувонч бағишламоқда.

Аммо, айни шу кунларда aйрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ сафиҳаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё Ислом динига тош отмасин бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди.

Кези келганда айтиб ўтамизки, ушбу ҳолатга нисбатан юртдошларимиз турли муносабат билдираётганларини кузатяпмиз. Бу ҳолатдан уларнинг имон-эътиқодлари жўш ургани, ўй-кечинмалари тинчлик бермаётгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туғён қилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Шак-шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият деб биламиз. Энди бир фараз қилиб кўрайлик, мана шундай ҳолатга Набий алайҳиссалом қандай йўл тутар эдилар? Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом бутун умматга ибратдирлар.

Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимларини ва на хотинларини урмаганлар…Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч) олмаганлар…” (Имом Аҳмад ривояти).

Жуда ишончли мутавотир хабарларга кўра, Макка фатҳ этилганида Пайғамбаримиз ўзларига жуда кўп азият етказган маккаликларга мулойим ва шафқатли эканликларига ишора қилиб: «Мен сизларга нима қиламан деб ўйлайсизлар», деганларида улар «Яхшилик қиласиз деб ўйлаймиз. Сиз карамли биродарсиз, карамли биродарнинг ўғлисиз», дейишди. У зот: “Боринглар сизлар омондасизлар», яъни, сизларни маломат қилиш, айблаш, ҳақорат қилиш, койиш йўқ, сизлардан ўтган ва содир бўлган гуноҳларни Аллоҳ кечиради, асирлик кишанидан омондасизлар дедилар.

Зайд ибн Саъна Исломга киришидан олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қарзини тўлашни талаб қилиб келди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: «Пайғамбарлик аломатларидан ҳаммасини Муҳаммаднинг юзида кўрдим. Фақат иккитасини, яъни ҳалимлиги ғазабидан устун келиши ва жоҳиллик ғазаби ҳалимлигидан устун ёки устун эмаслигини синаб кўрмаган эдим». Зайд ибн Саъна синаб кўргач, қандай сифатланган бўлсалар, худди шундай эканликларини ўз кўзи билан кўрди ва чин пайғамбар эканликларига шубҳаси қолмади. Шу ҳодиса унинг Исломга киришига сабаб бўлди.

Набий алайҳиссалом бир аёл заҳарли гўшт берганида ҳам у зот уларни сўкмаганлар ёки дуоибад қилмаганлар, балки Аллоҳдан уларга инсоф ва ҳидоят сўраганлар.

“Эргашев Жўрабек” Балиқчи туман “Мулла хидирали” жоме масжиди имом-хатиби