Ота-она розилиги

Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини ота-онанинг розиликларига боғлаб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

Аллоҳ таолонинг розилиги  ота-онанинг розилигида, Унинг ғазаби эса  ота-онанинг ғазабидадир” (Имом Табароний ривояти).

Демак, Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши – ота-онасини рози қилсин, Аллоҳни ғазабидан қўрққан киши – ота-онасини ранжитишдан қўрқсин.

Ким ота-онаси бўла туриб, жаннатни қўлдан чиқарса, унинг ҳолига вой бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни ота-онанинг хизматларини қилиб, жаннатни қўлга киритишга тарғиб қиладилар: 

Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирортаси ҳузурида қариликка етсаю, (уларнинг хизматларини қилиб, розиликларини олиб) жаннатга кира олмаган киши хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!”  (Имом Муслим ривояти).

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ таолога энг севимли амал нима эканини сўрайдилар. Шунда Сарвари коинот ўз вақтида ўқилган намоздан кейинги энг маҳбуб амал –ота-онага яхшилик қилиш эканини айтганлар.

         Бошқа бир ҳадиси шарифда Аллоҳ таолодан ажру-савоб истаганлар ота-оналарига чиройли хизмат қилиши кераклиги айтилган:

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:

– “Сизга ҳижрат ва жиҳод учун байъат қиламан, савобини Аллоҳ таолодан талаб қиламан!” – деди.

 “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” – деб сўрадилар.

– “Ҳа, иккиси ҳам тирик,” –  деди у.

 “Ажр-савобни Аллоҳдан кутасан-а? – деб сўрадилар.

– “Ҳа, шундай”.

 “Ундай бўлса, ота-онангни олдига қайтиб боргинда, уларга яхши муомала қил,” – дедилар У Зот” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шариатимизга кўра ота-онага яхшилик қилиш – фақатгина уларнинг ҳаётлик пайтларида чекланиб қолмай, балки улар мабодо дунёдан ўтганларидан кейин ҳам давом этиши керак. Бу ҳақда Абу Усайд ибн Робийъа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

Молик ибн Робеъа ас-Саъидий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирганимизда ногоҳон Бани Салама қабиласидан бир киши келди ва: “Ота-онам вафот этгандан кейин ҳам мен уларга қиладиган яхшилик борми?” – деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, аҳдларини амалга ошириш, улар орқали қариндош бўлганларга силаи-раҳм қилиш ва уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш вазифаси бор”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Мамадалиев Вохидулло Балиқчи туман “Хотамхонтўра” жоме масжиди имом-хатиби