Оила — муқаддас даргох

Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Чунки, ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳрибон бўладилар. Бу хусусда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

Ал-Муғира бин Шуъба р.а. айтадилар: Мен бир аёлга совчи қўйдим. Расулуллоҳ с.а.в. менга: “Уни кўрдингми?” – дедилар. Мен: Йўқ, дедим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Уни кўргин, кўриб (билиб) турмуш қуришлик ўртангизда улфат ва муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.

Абу Дардо р.а. аёлига шундай деган: “Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга урунай. Акс ҳолда бирга яшай  олмаймиз”.

Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган, набираларни орзу қилган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки олган келинингиз бедаво хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор. Пайғамбаримиз с.а.в. мўмин-мўминга фириб беришлиги, уни алдаши мумкин эмаслигини таъкидлаб шундай деганлар:

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в.: “Ким фириб берса, у мендан эмас”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда,

Расулуллоҳ с.а.в.нинг ходимлари Анас бин Молик р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам яхши кўрмагунича мўмини комил бўла олмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

         Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқесига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади балки, эл-юрт, маҳалла кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган.

Акромов Ойбек Балиқчи туман “Қақирчек” жоме масжиди имом-хатиби