Маънавий жиноятларнинг хатари

Аллоҳ таоло биз инсонларга бошқа махлуқотларда бўлмаган тил орқали сўзлаш, фикримизни баён эта олиш имкониятини ато этди. Бу энг улуғ неъматлардан саналади. Динимизда тилни фақат яхшилик йўлида ишлатишимиз, ёмон гапларни сўзлашдан сақланишимиз таълим берилади. Мусулмон киши тилига жуда эҳтиёт бўлиши, оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзи ё унинг фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлиб қолиши мумкин эканлигини асло унутмаслиги лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда биз бандаларини огоҳлантирган.

Аллоҳ таоло айтади: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг  олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 18-оят). Шунинг учун, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилдилар:

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Пайғамбар (с.а.в.) дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни бир қанча гуноҳ саналган ишлардан қайтарганки, улар асосан тил орқали содир этилади ва уларни бир сўз билан маънавий жиноятлар деб атаймиз. Ана шундай маънавий жиноятлардан ғийбат, туҳмат, бўҳтон кабиларни санаб ўтишимиз мумкин. Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларида ушбу гуноҳлардан қатъий қайтарилган.

Аллоҳ таоло айтади: “… ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят). 

Ғийбат нима эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” – деб сўрадилар. Саҳобалар: Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биродарингизни унга ёқмайдиган сифати билан эслашингиз”, дедилар. Улар: Агар биродаримизда биз айтган сифат бўлсачи? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар унда сиз айтган сифат бўлса, ғийбат қилган бўласиз. Агар сиз айтган сифат унда бўлмаса, у ҳолда бўҳтон қилган бўласиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

“Мамажонов Рахмонали ”Балиқчи туман “Полвонкўл” жоме масжиди имом-ноиби