Киши исломининг гўзаллиги – фойдасиз насаларни тарк қилишидир

Киши фойдали ишлар билан машғул бўлиб, бефойда ишлардан ўзини тийиши унинг диёнати гўзал эканига далолат қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Киши исломининг гўзаллиги – фойдасиз насаларни тарк қилишидир” (Имом Темизий ривоятлари).

Бу ҳадисни Ҳамза Киноний раҳимаҳуллоҳ шарҳлаб бундай деганлар:

“Бу ҳадисга амал қилиш – Исломнинг учдан бирига амал қилиш ҳисобланади” (“Танвийрул ҳаволик” китоби).

Демак, киши ҳар бир лаҳзасини фойдали ишлар билан машғул қилиб, исломини гўзал қилмоғи айни муддаодир.

Ҳукамолардан бирлари шундай деганлар: “Ким кунини бекорга ўтказса, бирор яхши иш ё инсонларга чиройли сўз айтмаса, ёки гўзал муомалада бўлмаса, ёхуд илм-маърифат ҳосил қилмаса, албатта, у ўша кунига жабр, ўзига зулм қилибди”.

Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ вақтни қадрига етиш ҳақида қуйидаги ибораларни айтганлар:

“Эй одам боласи! Сен маълум кунлардан иборатсан. Қачон бир кунинг ўтса, бир бўлагинг кетди деганидир”.

Умримиз чекланган экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етсак, вақт ҳамиша бизнинг фойдамизга ишлайди.

Қиёмат куни ҳар бир шахс Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўтказган вақти ҳақида сўралади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар:

“Қиёмат кунида банда тўрт нарсадан сўралмагунча унинг қадами жойидан жилмайди: умрини нимага сарфлагани, йигитлик даврини қандай ўткизгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амал қилгани” (Имом Темизий ривоятлари).

Демак, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса ўзига хос шаклда сўралади.

Аллоҳ таоло умримизга файзу барака берсин! Вақтимизни доимо дунё ва охиратимиз, динимиз ва халқимиз учун фойдали ишлар билан ўтказишни насиб айласин! Омин!

Тошпўлатов Мехмонали Балиқчи туман “Қиличбурхонбува” масжиди имом-хатиби