«Кимки ҳиёнат қилса бизлардан эмас»

Мўмин-мусулмонлар ўртасида молиявий муносабатлар, иқтисодий муомалотлар одобига амал қилинмаса, адолат билан иш тутилмаса, жамиятда ўзаро ишончсизлик, зулмкорлик, ҳақсизлик ва ихтилоф-зиддиятлар юзага келади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:

«Кимки ҳиёнат қилса бизлардан эмас» – дедилар. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда шундай деганлар:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бойнинг (зиммасидаги қарз ёки  ҳақни) бермай юриши зулмдир», дедилар».

Моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши золимликдир.

Ушбу тушунча унутилган жамиятларда бойлар, имкони бор одамлар бировнинг ҳақини бермай юриши кенг тарқалган.  

Насаий қилган ривоятда: «Менинг жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган.

Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ.

Бировнинг молини ейиш деганда фақатгина шахслараро деб  тушунилмаслиги керак.

Кундалик эҳтиёжимиз учун фойдаланадиганимиз табиий газ, электр токи, сувни олиб кўрайлик. Одатда бу неъматлар бизнинг хонадонимизга етиб келгунича қанчадан-қанча ҳаражатлар қилинади. Қолаверса, уларни доимий бўлишини таъминлан учун ҳам миллионлаб маблағлар сарфланади. Сарф қилинган маблағлар ўз жойига қўйилмаса, бутун халқ мазкур неъматлардан фойдаланиши тўхтайди. Бунинг учун эса икки томонлама шартномалар тузилади. Яъни таъминловчи ва истеъмолчи ўртасида. Тузилган шартнома шаръан бажарилиши шарт.

Шундан келиб чиқиб агар истеъмолчи ишлатган нарсасини ҳаққини тўламаса, нафақат таъминловчи ташкилотни балки, халқнинг мулкини ҳаром йўл билан ўзлаштирган бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир ишлатилаётган нарсаларга уларни ҳисоблагичлар ўрнатилаган. Демак ҳисоблагичда кўрсатилган рақамларга қараб, ишлатилган газ, ток, сувларнинг нархлари чиқарилар экан, бунинг бирор чақасига ҳам хиёнат қилмасдан тўлаш лозимдир. Акс ҳолда кимлардир ўзининг мавқеи, мансаби ёки яна қандайдир имтиёзларидан фойдаланиб ёки муттаҳамлик қилиб истеъмол қилинган газ, сув, иссиқлик ва электр қуввати ҳаққини ўз вақтида тўламаса, аввало, халқнинг ризқини қийилишига, баракани кўтарилишига ва ҳаттоки маълум бир минтақаларни газ, ток, ва сувсиз қолишига сабабчи бўлади. Қолаверса, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам жавоб беради.

Масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор. Бунда истеъмолчилар ўзлари тўлаши керак бўлган маблағларни тўлиғича тўлайди, лекин таъминловчиларнинг ташкилот аъзоларидан баъзи бирлари ўзининг вазифасини суиистеъмол қилиб, тўланаётган маблағларни маълум қисмини керакли жойга етказмасдан ўзининг ҳамёнига уради. Ёки бир маҳалладаги баъзи бир кимсалар уй-жойлари кенг ва катта бўлганлиги туфайли газ ва ток ва сувларни ҳисоб-китобсиз даражада ишлатади ва исроф қилади. Тўловга келганда эса ундан бош тортишга ҳаракат қилади. 

Бу каби ноҳақликлардан узоқда бўлиб, давлат олдидаги зиммамизда турган тўлов ва солиқларни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳаларида ҳалоллик ва покликка риоя қилиб яшамоғимизга муваффақ айласин. Омийн!

“Эргашев Жўрабек” Балиқчи туман “Мулла хидирали” жоме масжиди бош имом-хатиби