Кечиримли бўлиш

Турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўришимиз мумкин. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади.

Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот –  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.

Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбарликларининг ўнинчи йиллари ўтиб ҳам қу­райш­­ликлардан ижобий натижа чиқмагач, Пайғамбаримиз сал­лал­ло­ҳу алай­ҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Тоифга бордилар. У Зот шояд Тоифда дин ишлари юришиб кетса, деган умидда қабила оқсоқоллари билан учрашиб, уларни Исломга чақирдилар. Аммо улар унашмади. Аксинча, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни масхара қилдилар. Бу ҳам етмагандай, ўзлари­нинг эси паст, бебош болаларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан қичқиришга, сўкиб, тош отишга юборди­лар. Тоифликлар йўлнинг икки четида туриб, У Зот ўта­ётганларида аёв­сиз тошбўрон қилишди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг оёқлари қонади ва ғамгин бўлиб, қувватлари озлиги ва заифликларидан Аллоҳга илтижо қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло У Зотнинг ҳузурларига фариш­тани юборди. У келиб, икки тоғни Тоиф аҳли устига бостириб, уларни ҳалок қилишга изн сўради. Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат этиб юборилган Зот мушриклардан энг шиддатли азиятни Тоиф халқидан кўрганларига қарамасдан, бу ишга изн бермадилар ва шундай дедилар:

“Уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган кишилар чиқишини умид қилурман” (Имом Ибн Хузайма ривоятлари).

Демак, кечиримли бўлиш ва ғазабини ютишда барчаларимиз  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни кечиримли, сабрли ва хушмуомала бандаларидан айлаб, ўзгаларга нисбатан бағрикенг бўлишимизни насиб айласин!

Юлбарсов Мўминали Балиқчи туман “Пучуқой” масжиди имом-хатиби