Ёшлик неъмати

Инсон учун ёшлик даври ҳам катта неъмат саналади. Ёшлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос қиймати бор. У ҳаётнинг ғайрату шижоатга тўла ҳамда икки заифлик – гўдаклик ва кексалик орасидаги жисмоний қувватга эришган бир давридир. Қуръони каримда шундай дейилади:

“Аллоҳ шундай зотдирки, сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизларга) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Билимдон ва Қудратлидир” (Рум сураси, 54-оят).

Ёшликда қилинган ишлар пухта, мустаҳкам бўлади, ибодатларнинг савоби ҳам ортиқ бўлади. Шунинг учун ҳам ҳамма замонда мамлакатнинг куч-қудрати, тараққиёти ўша мамлакат ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Ёшлик билим-маърифат тўплайдиган даврдир. Халқимизда “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деган мақол бор. Умрнинг, хусусан ёшликнинг  қадрига етиш ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

“Сиз беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билингқариликдан аввал ёшлигингизни, касал бўлишдан аввал саломатлигингизни, фақирликдан аввал бойлигингизни, бир ишга машғул бўлмасдан аввал бўш вақтингизни ва  ўлимингдан аввал ҳаётингизни”– дедилар (Имом Ҳоким ривоятлари).

Тараққиёт тезлашгани сари вақт кушандалари ҳам кўпайиб бормоқда. Ҳозирги кунда каттаю кичикнинг кўп вақти ижтимоий тармоқларга сарф бўлаётгани сир эмас. Биз бу воситани яхшиликка йўналтирилса, инсоннинг дунё ва охиратда саодатига сабаб бўлишини таъкидлаймиз. Лекин афсуски, тиллога тенг вақтимизни ижтимоий тармоқларда бекорга сарфласак, гуноҳ ишларга кетказсак, эртанги кунда қаттиқ пушаймонга сабаб бўлади. Айниқса, фарзандларимиз айни билим оладиган, китоб ўқийдиган вақтлари воқеий ҳаётдан узилиб, виртуал олам қобиғига ўралиб қолиши, мақсадларини йўқотиб қўйиши, аянчли ҳолатдир. Бу мусибатдан қутилиш чораларидан бири сифатида ёшларга жисмоний тарбия билан шуғулланиб туришни тавсия қилиш мумкин. Ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бадан тарбияси машқлари қаторида ёшларни сузишга, отда чопишга, камондан отишга ўргатиш лозим эканлигини алоҳида таъкидлаганлар ва ҳадисларининг бирида: “Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Инсонларни турли хил зарарли иллатлардан сақлаш мақсадида Ислом дини соғликка футур етказувчи ва умуман инсон ҳаёти учун хавфли бўлган нарсалар билан шуғулланиш ва истеъмол қилишдан қайтарган. Жумладан, Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят), “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг” (Нисо сураси, 29-оят), дейилган. Демак ёшларимизни маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишдан асраш, ҳаётда зарарли бўлган амаллардан қатъий огоҳ қилишимиз лозим.

“Акбаров Саидолим ”Балиқчи туман “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби