Ёшлар тарбиси

Ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Мана шу мақсадларга етишишда муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади

Умар ибн Абу Салама р.а. айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг қарамоғларида ёш бола эдим. Овқат вақтида қўлимни товоқнинг ҳамма ерига узатар эдим. Шунда, Расулуллоҳ менга: “Эй болакай! Аввал, “Бисмиллоҳ”ни айт, сўнгра ўнг қўлинг билан, ўзингни олдингдан олиб егин”, деб ўргатдилар. Шундан бери ўшандай овқатланадиган бўлдим” (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қилдилар:

“Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).

Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади:

Абу Рофиъ айтадилар: Мен: Ё Расулуллоҳ с.а.в.! Бизнинг болаларимизда ҳаққимиз бўлгани каби, уларнинг ҳам бизда ҳақлари борми? – деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатмоғлиги ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбияламоқлиги”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Намозов Баходиржон Балиқчи туман “Мухаммадсоли” жоме масжиди имом-хатиби