Ихлос сўзининг маъноси

“Ихлос” сўзи “тозалаш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Яъни, амалларни ғаразли мақсадлардан тозалаш, соф ва холис бир кўринишга келтиришдир. Ихлоснинг зидди риё ва сумъа, яъни одамлар кўриши ва эшитиши учун амал қилишдир.

Ихлоснинг истилоҳий маъноси ҳақида уламоларимиз бир қанча таърифлар келтирганлар. Аллома Изз ибн Абдуссалом шундай дейдилар: “Ихлос – мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун қилиши, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутилишни қасд қилмаслиги керак”. Саҳл ибн Абдуллоҳ ихлос ҳақида: “Ихлос – банданинг ҳаракати ҳам, сукунати ҳам фақат Аллоҳ таоло учун бўлишидир”, – деган. Абу Али Даққоқ: “Ихлос – амални одамларнинг мулоҳазасидан (яъни, бу ишимни одамлар мақтайдими ёки ёмонлайдими, деб ўйлашдан) поклашдир”, – дейди. Ихлос – киши ёмонликларини яширгани каби савоб ишларини ҳам беркитишидир. Ихлоссиз қилинган амал кўринишда ҳар қанча улуғ, ҳар қанча катта бўлмасин, у саробдир. Охиратда эгасига фойда келтирмайди.

Амални фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилиш бандага нажот келтиради. Фақат риё учун амал қилиш эса, инсонни ҳалокатга дучор қилади. Бу икки ҳолатнинг ўртасида яна бир ҳолат бор. Масалан, бир киши касални зиёрат қилади, бу билан савоб олиш ва ўзи касал бўлса, бошқалар ҳам уни зиёрат қилишини қасд қилади ёки одамлар унинг жанозасига қатнашиши учун жанозага боради. Умуман айтганда бирор амални қилишнинг сабаби Аллоҳ таолога яқин бўлиш бўлади, лекин унга бошқа бир ғараз қўшилади ва бу ғараз амални бандага осон қилади. Мана шу ҳолат амални ихлос чегарасидан чиқариб қўяди. Энди у холис Аллоҳ учун бўлмасдан, риё аралаша бошлайди. Кўпинча инсон ғафлатда қолиб холис амалига, бошқа ғаразлар аралашиб, гоҳида амалнинг савоби камаяди, гоҳида бутунлай савоби йўққа чиқади. Шунинг учун охират саодатини умид қилган ҳар бир мўмин-мусулмон амалларини текшириб, ниятини янгилаб туриши керак.       

Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдиларки: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”.

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ихлос ҳақида зикр қилинади. Жумладан, ихлос билан дуо қилиш ҳақида шундай дейилади:

“Унга (Аллоҳга) динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингиз. Сизларни (аввал бошда ярата) бошлаганидек, (қиёматда мангу ҳаётга) қайтурсизлар» (Аъроф сураси, 29-оят).

Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиш орқали бизга динини ширк, риё ва сумъадан холис қилиб, ибодат қилишимизни буюради: 

“(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, Сиз Аллоҳга – динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг!” (Зумар сураси, 2-оят).

         Мўмин-мусулмонлар динга ихлос билан амал қилиши нафақат бизнинг умматга, балки биздан аввалги умматларга ҳам фарз бўлганини қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олсак бўлади:

“Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина сураси, 5-оят).

Қуръони каримнинг тафсири сифатида ҳадиси шарифларда ҳам ихлос мавзусига тўхталиб ўтилган. Аксарият ҳадис китоблари ниятни холис қилиш ҳақидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан бошланади:  

Албатта, амаллар(нинг савоби) ниятларга боғлиқдир. Ҳар ким нима ният қилган бўлса, унга шу нарса бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса, дунёга етади. Аёл учун ҳижрат қилса, уни никоҳига олади. Ҳижрати нима учун бўлган бўлса, унга ўша нарса бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан калимаи тоййибани айтишнинг фазилати тўғрисида шундай дейдилар:

Қайси банда “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини ихлос билан айтса, бу калимага осмон эшиклари очилади. Модомики, банда катта гуноҳлардан сақланар экан, у калима Аршгача етиб боради” (Имом Термизий ривояти).

Исамитдинов Элбек Балиқчи туман “Иброхимота” жоме масжиди имом-хатиби