Хасад

Ҳасад – бир кишига берилган неъматни ундан кетишини хоҳлашдир. Ҳасаднинг бундан ҳам ёмонроғи – бир инсонга берилган неъматнинг йўқ бўлишини орзу қилиш билан, ўша неъмат ўзида ҳосил бўлишини таъма қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳасаднинг ёмонлиги тўғрисида шундай дейди:  

“Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!” (Нисо сураси, 54-оят).

Ояти каримадаги “неъматлари” дегани – “пайғамбарлик, ҳидоят ва имон”дир. “Одамларга” сўзидан мурод – “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга имон келтирганлар”дир. Бошқа бир ояти каримада ҳақни билганларидан кейин ҳам ҳасад қиладиганлар ҳақида шундай дейилади:

“Аҳли китобларнинг кўпчилиги имон келтирганингиздан кейин ва уларга ҳақиқат равшан бўлгандан сўнг ҳам ҳасад юзасидан сизларни (яна) куфрга қайтаришни истайдилар” (Бақара сураси, 109-оят).

Аҳли китоблар Уҳуд жангида мусулмонлар қўшини мағлубиятга учраганидан кейин уларга: “Агар сизларнинг динингиз ҳақ бўлганда эди, сизларга Аллоҳ ёрдам бериб, ғалаба қозонган бўлур эдингиз. Яхшиси  қайтиб, бизнинг динимизга кира қолингиз”, – деганлар.

         Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг охирги сураларидан бўлган “Фалақ” сурасида ҳасад қилувчининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюради:

“ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан” (паноҳ сўрайман деб айтинг) (Фалақ сураси, 5-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасаддан огоҳлантириб шундай деганлар:

Ҳасаддан сақланинглар. Чунки у худди олов ўтинни егани каби, яхшиликларни ейди” (Имом Бухорий ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда айтилади:

Сизга (ўтган) умматларнинг касали: ҳасад ва буғзу-адоват ўрмалаб (ўтиб) келди. Улар қирувчидир. Улар сочни қиради демайман, балки улар динни қиради!” (Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда ўзаро ҳасад қилишдан қайтариб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

Узилишиб кетманглар, юз ўгиришманглар, бир-бирингизга ғазаб ва ҳасад қилманглар. Аллоҳнинг оға-ини бандалари бўлинглар. Мусулмон киши  биродаридан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол эмас” (Имом Бухорий ривояти).

Намозов Баходиржон Балиқчи туман “Мухаммадсоли” жоме масжиди имом-хатиби