Халқ мулкига хиёнат қилманг!

Ҳаёт тақозоси билан инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишга муҳтождирлар. Лекин бу алоқада мақсадни ҳалол йўллар билан амалга ошириш, ҳаром йўллардан четланиш ва бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик шартдир.

Ислом дини доимо адолатли бўлишга ва ўзганинг ҳаққини ноҳақлик билан емасликка буюради.

 «Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”. (Нисо сураси, 29 оят)

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, товламачилик ва бошқалар киради.

Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан «Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно», деб истисно қилинмокда. Чунки, тижорат — ҳалол меҳнат. Тожир меҳнат қилиб, молу пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида воситачи бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо этади. Унинг келажакда фойда кўриш-кўрмаслиги, фойданинг оз ёки кўп бўлиши гумон бўлади. У касод бўлиш, синиб, молсиз-пулсиз қолиш эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб, бу ишга қўл уради.

Оятнинг давомида «Ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз!» — демокда.

Сиртдан қараган одам, бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш ва ўзини ўзи ўлдириш орасида нима алоқа бор, дейиши мумкин. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ҳаётий тажрибага назар солинса, ҳақиқатда бу икки нарса ўртасида бевосита алоқа борлиги кўрилади. Жумладан, мазкур ботил йўл билан мол емоқ ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Бу ишни қилганлар ўзини ўзи ўлдирган бўлади.

«Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир».

Агар у раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, катта машаққатда қолган бўлар эдингиз.

«Кимда-ким шу (қотиллик)ни адоват ва зулм юзасидан қилса, албатта, Биз уни дўзахда куйдирамиз. Бу (эса) Аллоҳга осондир». (Нисо сураси 30-оят).

Демак, ким мазкур ишни тажовузкорлик (яъни, ҳаромлигини билиб туриб) ва зулм ила (яъни, қилишдан тап тортмай) қилса, охиратда дўзахга киритилади. Аммо, бу билан, банда ноумид бўлмаслиги лозим. Аллоҳ таоло қудрати чексиз, азоби катта бўлиши билан бирга, марҳамати ҳам кенг, раҳм-шафқати чексиз Зотдир. Агар бандалар ўзларини ўнгласалар, уларнинг гуноҳларини ўтиши муқаррар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида «Мўминларнинг молини ноҳақ ўзлаштирадиган кишилар Қиёмат кунида дўзахга тушурлар», деб марҳамат қилганларини яхши биламиз.

Нақл қилинишича, Абдуллоҳ ибн Муборакдек буюк олим ўз она юрти Марвда бўлган пайтларида бировдан бир қалам олдилар. Орадан вақт ўтиб Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдан Шомга бордилар. Шомга боргач бояги қалам ҳаёлларига келиб, дарҳол ортларига қайтиб, қаламни эгасига топширган эканлар.

“Акбаров Саидолим ”Балиқчи туман “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби