Фрибгарликдан сақланайлик!

Фирибгарлик жинояти молни ботил йўл билан ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бундай йўл билан топилган мол оташи дўзахнинг бир бўлаги ҳисобланади.  Бу ҳақда Пайғамбаримиз )с.а.в.( қуйидагича марҳамат қиладилар:

Пайғамбар (с.а.в.)нинг аёллари бўлмиш Умму Салама (р.а.) ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. ҳужраларининг олдида жанжал овозини эшитиб, ташқарига чиқдилар ва дедилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Балки бирингиз бошқангиздан сўзга чечанроқ бўлиб чиқарсиз ва мен уни рост гапиряпти, деб шунга қараб ҳукм чиқараман. Лекин билиб қўйингки, мен кимга бирор мусулмоннинг ҳаққини олиб берган бўлсам, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Имом Бухорий ривояти).

         Муҳтарам жамоат! Сир эмаски, кейинги вақтларда баъзи кишилар одамлардан қарзга ёки шерикчиликка, деб пул олиб, охир-оқибат уни қайтармай ўртада низо чиқиши, яқин кишилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда. Албатта, зарурат учун қарз олиш ёки шерикчилик билан шуғулланиш жоиз. Бироқ, олган қарзни пайсалга солмай қайтариш, шерикчиликда эса хиёнат қилмаслик лозим. Акс ҳолда бошланган ишлар ортга кетиб, касодга учраши тайин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар:

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Пайғамбар (с.а.в.) дедилар: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзиги талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).

Айниқса, савдо-сотиқ вақтида ҳаридорга фириб бериш, масалан, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш энг оғир гуноҳдир. Қуйидаги ҳадислар бунга очиқ далил бўлади:

Расулуллоҳ (с.а.в.) дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолибдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нима?!” деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расулуллоҳ! Унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда  Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уни устига қўймайсанми, одамлар кўрар эди” дедилар ва “Кимки алдаса, мендан эмас!” дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдаги “ғаш” луғатда “алдамоқ, фириб бермоқ, сохталаштирмоқ” маъноларида келади. Демак, умумий маънода алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштиришлик мусулмоннинг иши эмас экан. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:

Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: Туя ва совлиқларингизни (серсут қилиб кўрсатиш мақсадида) атайлаб соғмай қўймангизлар! Кимки (билмай) шундай ҳайвонни сотиб олган бўлса, унинг ихтиёрида икки йўл бордир, бири  уни ўзида олиб қолмоқлик, иккинчиси  уни эгасига қайтариб бермоқликдур. Агар қайтариб берадирган бўлса (бир-икки кун соққани учун) бир соъ хурмо қўшиб берсин! (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Демак, соғин сигир ва қўйларни сотишда ҳадисда баён этилганидек, фирибгарлик усулларини қўллаш ҳам жоиз эмас. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда борди-ю молни қайтариб бериладиган бўлса, унга хурмо қўшиб берилмайди, дейилган.

Шакиров Назиржон Балиқчи туман “Боязид Бастомий” жоме масжиди имом-хатиби