Буюк хулқ эгаси

Шундай ибратли сўз бор: «Қоронғуликни сўкиб ўтирмай, шамни ёқақолсанг-чи…». Ҳақиқатан, қоронғуликни қанча сўкмайлик, у барибир ўзгармайди, ёришиб қолмайди. Сўкиш ўрнига уни ёритиш йўлини ахтарганимиз маъқул ва авлодир.

Мўътабар тафсир китобларида, дин душманларига қўпол муомалада бўлиб, уларнинг «илоҳ»лари ва пешволарини сўкишдан қайтарилгани баён этилган. Агар ҳақоратга биз ҳам ҳақорат билан жавоб қайтарсак, бундай жирканч ишнинг иккинчи тўлқинига сабаб бўлиш эҳтимоли жуда катта. Бу фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради. Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани эслатиб ўтамиз: 

яъни: “Аллоҳдан ўзгага сиғинадиганлар (бутлари)ни сўкмангиз! Акс ҳолда, улар ҳаддан ошиб, билмасдан Аллоҳни сўкиб юборадилар. Шунга ўхшаб ҳар бир уммат ишини ўзига чиройли кўрсатиб қўйдик. Сўнгра қайтар жойлари Парвардигорлари ҳузуригадир. Ана ўшанда уларга қилган ишларининг хабарини берур” (Анъом сураси, 108-оят).

Эътибор берилса, ушбу ояти каримада мушрикларнинг бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Зеро, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрикнинг ҳам бунга жавобан Аллоҳ таолони ҳақорат қилишига сабабчи бўлиб қолади. Демак, биз ҳам мўмин-мусулмонлар Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилишга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан ҳазар қилмоғимиз керак.

Ушбу ҳолатлар ҳақида кенг фикр қилиб, чуқур мушоҳада юритишимиз керак. Биз ҳам мўмин-мусулмонларни ҳиссиёт билан эмас, тафаккур ила иш тутишга чақирамиз. Дин душманлари фитнасига замин яратиб, вазият янада кескин тус олишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Бу бўлаётган ишлар ҳаммаси фитна, ғанимлар томонидан режали амалга оширилмоқда, бундай вазиятда ўйлаб иш тутиш керак. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ардоқлаш тажовузкорона хатти-ҳаракатлар билан эмас, балки ақл ила бўлади.

Яна бир муҳим масалани айтмоқчимизки, ғанимлар мусулмонларга бўлган фитналарини айнан жума, ҳайит кунлари ёки Рамазон ойи ё айни кунимиздаги каби мавлид ойида амалга оширишни зимдан режа қилганлари аниқ. Шундай экан, муборак мавлид ойининг ҳақиқий завқи – сийратни тараннум этиш, салавот айтиш, мавлиди шариф ўқиш, Қуръони карим тиловат қилиш ва зикруллоҳ билан онгу шуурларимизни банд қилайлик, улуғ ойнинг илоҳий файзидан насибадор бўлишга интилайлик. Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган суҳбатлар орқали Расулимизни яхшироқ танишга ошиқайлик.

Хулоса, мусулмон киши ҳадисларда келтирилганидек, доимо ҳушёр, зийрак бўлиши, атрофда содир бўлаётган ҳар хил фитна ва қалтис жараёнларга теран назар ила боқиши лозим. Таъкидлаганимиздек, бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Пайғамбар алайҳиссаломга хос босиқлик ва зукколик билан муносабат билдиришимиз керак.

Аллоҳ таоло барчага инсофу тавфиқ берсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоатларини насиб этсин!

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфи ота” жоме масжиди имом-хатиби