Ҳаёли бўлайлик

Маълумки, Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг буюк ва қимматли нарса имон неъматидир. Ҳар бир мўъмин-мусулмон инсон бу неъматни умрининг охиригача  саломат сақлаб, эсон-омон бу фоний дунёдан ўтиб олиши энг катта бахт ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир инсон доимо имони бақувват бўлиши учун сабаб бўладиган барча хайрли амалларда бардавом бўлиши керак бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам имонни қувватли бўлишига сабаб бўладиган омиллар ҳақида тўхталиб шундай марҳамат қилганлар:  

“Имон етмишдан ортиқ бўлаклардан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг паст даражаси йўлдаги азият етказадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам  имондан бир бўлакдир” (Имом Муслим ривояти).

         Демак, ҳаё имондан бир бўлак бўлиб, у имонни сайқал топишида муҳим ўрин тутади. Қайси бир кишининг ҳаёси кучли бўлса, демак, унинг имони ҳам кучли бўлади. Муқаддас Ислом динимизда ҳар бир мўмин-мусулмонни ҳаёли бўлишига тарғиб қилинган. Чунки, ҳаё динимизнинг хулқи ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Албатта, ҳар бир диннинг (ўзига хос) хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, Ислом динида эканмизми, албатта динимиз хулқи билан хулқланишимиз зарур бўлади.  Ҳаё сабабли инсон ўзини кўп гуноҳ ва хатолардан сақлайди, беҳуда ишлардан тийилади. Инсонда ҳаё камайиши билан имони ҳам заифлашиб кетади. Бу ҳақда ҳадисда шундай келтирилади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта ҳаё ва имон бир бирига чамбарчас боғлиқдир. Бири кўтарилса (кетса), иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади” (Имом Ҳоким ривояти).

Хамидов Рустамжон Балиқчи туман “Оққўрғон” жоме масжиди имом-хатиби