Вақт қадри

Умримиз чекланган экан, ўтаётган ҳар бир онимизнинг қадрига етсак, вақт ҳамиша бизнинг фойдамизга ишлайди.

Қиёмат куни ҳар бир шахс Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўтказган вақти ҳақида сўралади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар:

“Қиёмат кунида банда тўрт нарсадан сўралмагунча унинг қадами жойидан жилмайди: умрини нимага сарфлагани, йигитлик даврини қандай ўткизгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амал қилгани” (Имом Темизий ривоятлари).

Демак, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса ўзига хос шаклда сўралади.

 Уйда туриб, ҳамма нарсага вақтимиз етарли бўлган пайтда китобхонликни йўлга қўйиш жуда фойдалидир. Ўзимиз бу ишда ўрнак бўлиб, фарзандларимизни қизиқтирайлик. Фарзандларимизнинг бўш вақтларини китоб ўқиш, илм-маърифат ҳосил қилиш каби фойдали ишлар билан машғул қилиш – биз, ота-оналар, зиммамизда эканини доимо ёдда тутишимиз керак!

Ҳасан ибн Саҳл раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб насиҳат қилар эди:

ةٌ

 “Ёлғизлик ғурбатини китоб ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”.

Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан”, – деб  жавоб бердилар”.

Доноларимиз: “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, – деганлар.

 Ҳукамолардан бундай сўзлар нақл қилинган:

“(Бу дунё) уч кундан иборат: Кечаги кун, у ўтиб кетди. Эртанги кун, сен унга етиб боришинг ноаниқ. Бугунги кун, у сеники, ундан фойдаланиб қол!”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар:

“Қуёш ботиб, куним ўтиб, менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби бирор нарсага ачинмадим”.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти. Демак, сен ҳам уларни ғанимат билиб, фойдаланиб қол”.

Салафи солиҳларимиз ҳамиша вақтларига аҳамиятли бўлиб, уни доимо яхшилик қилиш билан ўтказишар ва эртанги кунлари бугунгисидан кўра афзал бўлиши учун ҳаракат қилишарди. Қуйида у зотларнинг ҳаётларидаги баъзи мисоллар билан танишсак мақсадга мувофиқ бўлади:

Юлбарсов Мўминали Балиқчи туман “Пучуқой” масжиди имом-хатиби