Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради

Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривоятлари).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“…Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривоятлари).

Уламоларимиз хайр-эҳсон – инсоннинг  имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни, имони борлигига)” (Имом Термизий ривоятлари). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали киши яна бир бор имонини мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.

Қолаверса, ҳозирги синовли кунларда хайру эҳсон қилиш ва имкон борича ўзгаларга ёрдам беришнинг савоби жуда катта. Чунки ҳозир эҳтиёжманд аҳоли нисбатан кўпроқ. Бадавлат кишилар бу фурсатни ғанимат билиб, имкониятдан фойдаланиб қолишлари, катта савобларни қўлга киритишлари айни муддаодир. Чунки тезда Рамазон ҳам, бу синовли кунлар ҳам ўтиб кетади, кейин бундай бир ажру савоб бериладиган фурсатни топиб бўлмайди.

Хайр-эҳсон қилиш билан ҳаргиз мол озаймаслиги ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Уч нарсага қасам ичаман: “Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, – дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан бир гадой пул сўраган эди, у зот бир дирҳам эҳсон қилдилар. Шунда у зотнинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалузаж (ширинлик) каби таомларни истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берсангиз ҳам кифоя қилар эди”, –деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Худо ҳаққи, мен уларни кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, сиз айтгандек улар фалузаж ва гўшт ейдиган бўлсалар унда уларга бир дирҳам озлик қилади”, –дедиларда ва ўз хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгин-да, унга ўн дирҳам бериб юбор”, – дея амр қилдилар.

Тошпўлатов Мехмонали Балиқчи туман “Қиличбурхонбува” масжиди имом-хатиби