Салафи солиҳларимиз ҳамиша вақтларига аҳамиятли бўлишган

Салафи солиҳларимиз ҳамиша вақтларига аҳамиятли бўлиб, уни доимо яхшилик қилиш билан ўтказишар ва эртанги кунлари бугунгисидан кўра афзал бўлиши учун ҳаракат қилишарди. Қуйида у зотларнинг ҳаётларидаги баъзи мисоллар билан танишсак мақсадга мувофиқ бўлади:

– Муҳаддис, фақиҳ Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ қисқа умрлари (40 йил) давомида 500 та китоб ёзганлар.

– Муҳаддислар султони Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ илм сирлари билан қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадис тўплаганида, эндигина 16 ёшдан ошгандилар.

– Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу кунда ўн икки минг марта, Холид ибн Марвон эса юз минг марта тасбеҳ айтар эди.

– Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳнинг барча китоблари ёниб кетади. Шунда у зот уларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берганлар. Имом Қатода раҳимаҳуллоҳ бир туя китобни ёд олганлар. Имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳ: “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, — деганлари ривоят қилинади.

– Ҳиндистон диёрида яшаган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ қисқа умри давомида бир ярим минг китоб ёзадилар. Шунингдек, ўзидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирганлар. Ана баракали, узоқ ва сермазмун умр.

Бир киши дўстидан: “Уйингиздан ишхонангизга боргунча йўл қанча вақт олади?”, деб сўрабди. Дўсти: “Агар йўл тиқилинч бўлса, саккиз юзта тасбеҳни, агар йўл очиқ бўлса, икки юз элликта тасбеҳни олади”, деб жавоб берибди. Жавобнинг гўзаллигига қаранг!

Уламоларимизнинг ҳаётида бундай мисоллар жуда кўпдир. Улар қисқа умрлари давомида оламшумул ишларни қилишган. Улуғ зотларнинг ҳаёт йўллари доимо биз учун ибратдир. Биз бу зоти бобаракотлардан ўрнак олишимиз лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар биримиз карантин вақтидан унумли фойдаланиб, асосий вақтимизни илм-маърифат олиш, зикру тасбиҳ ва эзгу-савоб ишларга сарфлашимиз керак. Шунингдек, бу синовлардан тез кунда халос бўлишни Аллоҳ таолодан дуо ва тазарру қилиб сўрашимиз ва беҳуда гап-сўз, ҳар хил асоссиз миш-мишлардан йироқда бўлашимиз мақсадга мувофиқдир.

Юлбарсов Мўминали Балиқчи туман “Пучуқой” масжиди имом-хатиби