Садақанинг икки тури

 Маълумки, Аллоҳ таоло берган барча нарсалар бизларга омонат бўлганидек, молу давлатимиз ҳам омонатдир. Аллоҳ берган бу молу давлатни Ўзи буюрган ва рози бўладиган жойларга сарфлашимиз айни муддаодир. Хайру эҳсон ва садақа қилишда пешқадам ва барча эзгу ишларда имкон қадар кўмакчи ва ҳомий бўлишга ҳаракат қилиш – мусулмоннинг энг гўзал сифатларидан бири ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида хайр-эҳсоннинг савоби кўплиги ва фазилати улканлиги ҳақида марҳамат қилади. Жумладан, Оли Имрон сурасида шундай деган:

Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:

Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Оятнинг зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоизлиги, аммо пинҳона садақанинг афзаллиги маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб садақаларни, яъни закот, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақаларни эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамларда закот бермайди, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзида бошқалар кўриб ўрнак олсин деган ният билан ошкора берилгани яхшидир.

Тошпўлатов Мехмонали Балиқчи туман “Қиличбурхонбува” масжиди имом-хатиби