Сабрнинг фазилати

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, бугунги кунда халқимиз бошига тушган қийинчиликдан кейин енгиллик келди. Беш ойдан ортиқ танаффусдан кейин масжидларимизда жамоат ва жума намозлари адо қилиш бошланди.

Бу синовли кунларда бир қанча мутасадди ташкилотларнинг фидокорона хизматини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Республика махсус комиссия аъзолари, тиббиёт мутахассислари, ички ишлар ходимлари ва бошқа бир қанча ташкилотлар туну-кун тин олмасдан, юртдошларимизни хизматларида шай турдилар. Аллоҳ таоло бу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларни икки дунёларини обод қилиб, кўплаб ажру савоблар билан мукофотласин!

Бугунги мавъизамиз инсоний фазилатларнинг энг гўзали ва инсон камолотининг белгиси бўлмиш сабр ҳақида экан, аввало сабрнинг ўзи нима экани ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Қуръони каримнинг юзга яқин ояти карималарида мўмин-мусулмонларни сабр қилишга чақирган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

“Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз”! (Оли Имрон сураси, 200-оят).

Маълумки, барчамиз бир қанча вақтдан бери бошимизга келган бу касаллик тезроқ кўтарилсаю, яна масжидларимиз очилиб, беш вақт ва жума намозларини жамоат билан адо қилсак деган умидда эдик. Алҳамдулиллоҳ, мана бугун бир қанча орзуларимизга эришиб, жума намозини ҳам адо қилиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз. Бу ҳам бўлса, карантин қонун-қоидаларига сабр билан амал қилиб, соҳа мутахассисларининг сўзларига қулоқ солганимизнинг бир натижаси десак муболаға қилмаган бўламиз.

Тошпўлатов Мехмонали Балиқчи туман “Қиличбурхонбува” масжиди имом-хатиби