Неъматларга шукр

Бу дунёда бандага етган мусибат Аллоҳ таолонинг бандасига яхшиликни раво кўриши ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо беради. Ёмонликни раво кўрса, тўлиқ жазосини бериш учун гуноҳини қиёматга қолдиради” (Имом Термизий ривоятлари).

Агар биз яна сабр қилиб, жорий карантин қоидаларига амал қилиб борсак, бор имкониятимизга шукр қилсак ва Аллоҳдан сўрашда бардавом бўлсак, ажаб эмас, умра зиёрати ва ҳаж ибодатларига ҳам тезроқ йўллар очилиб қолса. Агар биз шукр қилсак, Аллоҳ таоло неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсак, бу неъматларни давомийлигини кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида шундай марҳамат қилди

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

“Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Тошпўлатов Мехмонали Балиқчи туман “Қиличбурхонбува” масжиди имом-хатиби