Киши исломининг гўзаллиги – фойдасиз насаларни тарк қилишидир

Шу кунларда Коронавирус пандимеяси дунёнинг хамма давлатларига тарқаб бўлди ва у билан курашишнинг энг яхши воситаси карантин қоидаларига амал қилиш бўлиб қолмоқда. Юртимизда ҳам карантин сабабли деярли барча ватандошлар уйларида, жамиятга аралашмасдан турибдилар. Бу фурсатдан фойдаланиб, бўш вақтимиздан унумли фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бундай марҳамат қилган:

“У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир” (Мулк сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримада, ўлим билан ҳаёт одамлардан қайси бири чиройлироқ амал қилишини имтиҳон қилиш учун яратилгани баён қилинмоқда. Демак, инсон умри бекорга берилмайди, уни беҳуда ишлар билан зое қилиш мумкин эмас. Балки умр – хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсатдир.

Бўш вақтни ғанимат билиш ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур ҳадисларида шундай деганлар:

“Икки (буюк) неъмат борки, кўп одамлар улардан ғафлатда қоладилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир” (Имом Бухоий ривоятлари).

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун фойдаланган киши нақадар бахтлидир. Аммо, соғлиги ва бўш вақтини Аллоҳ таолога гуноҳ қилиш учун сарфлаган одам нақадар зиёнкордир”.

Киши фойдали ишлар билан машғул бўлиб, бефойда ишлардан ўзини тийиши унинг диёнати гўзал эканига далолат қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Киши исломининг гўзаллиги – фойдасиз насаларни тарк қилишидир” (Имом Темизий ривоятлари).

Бу ҳадисни Ҳамза Киноний раҳимаҳуллоҳ шарҳлаб бундай деганлар:

“Бу ҳадисга амал қилиш – Исломнинг учдан бирига амал қилиш ҳисобланади” (“Танвийрул ҳаволик” китоби).

Демак, киши ҳар бир лаҳзасини фойдали ишлар билан машғул қилиб, исломини гўзал қилмоғи айни муддаодир.

Ҳукамолардан бирлари шундай деганлар: “Ким кунини бекорга ўтказса, бирор яхши иш ё инсонларга чиройли сўз айтмаса, ёки гўзал муомалада бўлмаса, ёхуд илм-маърифат ҳосил қилмаса, албатта, у ўша кунига жабр, ўзига зулм қилибди”.

Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ вақтни қадрига етиш ҳақида қуйидаги ибораларни айтганлар:

“Эй одам боласи! Сен маълум кунлардан иборатсан. Қачон бир кунинг ўтса, бир бўлагинг кетди деганидир”.

Юлбарсов Мўминали Балиқчи туман “Пучуқой” масжиди имом-хатиби