Инфоқ қилиш фазилати

Динимиз таълимотларида дунё ҳаёти имтиҳон, синов майдони ҳисобланади. Шунинг учун дунёда ҳамма мўмин ёки ҳамма бой эмас, ёки умр фақат яхши кунлардан иборат эмас. Бу Аллоҳ таолонинг иродаси ва адолати. Бу адолатнинг сирини англашдан банда ожиз. Аллоҳ таоло бандаларига унинг тақдири ва тақсимига рози бўлиш, имон келтириб, солиҳ амаллар қилишни буюради.

Дунёдаги имтиҳондан яхши ўтиш учун борига шукр қилиш, ҳалолдан топиб, эзгуликка сарфлаш, сахий бўлишни буюради. Уни бахилликдан, ҳаддан ошиб кетишдан қайтаради. Камбағалликда тушкунликка тушмаслик, Аллоҳнинг раҳматидан умид узмаслик, сабр-тоқатли бўлиш, ҳалол касб-кор билан аҳволини ўнглашни буюради.

Саховат – бу икки тоифа ўртасини боғловчи, уларни улфат қилувчи ва ҳар иккисини дунё имтиҳонидан яхши ўтишига ёрдам берувчи амаллардан биридир. Қуръони каримнинг 70 дан ортиқ оятларида одамларга инфоқ-эҳсон қилиш, яъни саховат ҳақида гап кетади. Исроф ва бахиллик қилмасдан эҳсон қилинса, албатта Аллоҳ таоло унинг ўрнини тўлдиради. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилади:

“Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

 “Бандалар тонгга етадиган ҳар бир кунда икки фаришта тушади. Улардан бири: “Эй, Аллоҳ! Инфоқ-эҳсон қилувчининг молига халаф (ўрнини тўлдирувчи) бергин”, — деса, бошқаси: “Эй, Аллоҳ! Бахилнинг молига талофат бергин” – дейди” (Муттафақун алайҳ). Дарқиқат, Аллоҳ таоло фаришталар томонидан сахий ва бахил ҳақида қилинган дуони ижобат қилади. Чунки фаришталарнинг дуоси қабул.

Яна бир ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

“Аллоҳ таоло айтди: “Эй, Одам боласи! Инфоқ қил, сенга ҳам инфоқ қилинади”.” (Муттафақун алайҳ). Албатта, Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф қилмайди, инфоқ қилганга ўзининг фазли билан ризқ етказади.

Саховатдаги яна бир асосий қоидалардан бири эҳсондан кейин миннат ва азиятнинг бўлмаслигидир. Мана шундай гўзал яхшиликнинг мукофотини Аллоҳ таоло ўз зиммасига олади:

“Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан миннат ва озор етказмайдиган кишилар учун Парвардигорларидан мукофот бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 262-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсондан кейинги миннат ва азият ёмонлигидан огоҳлантириб шундай дейдилар:

Уч киши борки, Аллоҳ таоло уларга Қиёмат куни гапирмайди ҳам, қарамайди ҳам, уларни (гуноҳлардан) покламайди ҳам ва уларга аламли азоб бўлади. Улар – берганини миннат қилувчи, изорини (кийимини кибр билан) судраб юрувчи ва молини ёлғон қасам билан ўтказувчи кишилардир” (Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилган).

Акбаров Саидолимхон Балиқчи туман “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби