Ер юзида бузғинчилардан бўлмайлик

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асримизнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб турибди. Бу муаммо ўзининг инсониятга келтириши мумкин бўлган ёмон оқибатлари бўйича ядро ҳалокатидан кам эмас.

Сўнгги йилларда табиатда техноген таъсирнинг зўрайганлиги, экологик ўзгаришларнинг содир бўлаётгани ҳамда ўрмонлар эгаллаган ҳудудлар қисқариши натижасида кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот турлари бутунлай йўқолди ёки уларнинг сони кескин камайди.

Албатта, технология соҳасидаги тараққиёт, янги энергия манбаларининг кашф этилиши, янги маъданлар ва кимёвий моддаларнинг пайдо бўлиши, оқибатини ўйламай, табиатдаги жараёнларга аралашув каби ҳолатларнинг барчаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ниҳоятда ташвишли вазиятни вужудга келтирди. Қуръони каримда баён этилганидек:  

“Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир” (Рум сураси, 41-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло ер юзидаги бахтсизлик ва нохушликлар одамларнинг фаолиятлари билан боғлиқ равишда зоҳир бўлишини баён қилади. Уларнинг қалб ва фикрлари нопок бўлса, қилган ишлари оқибати ҳалокатли бўлажак. Лекин бу фасоднинг ёмон оқибатлари инсоннинг ўзига кўринади.

Тошпўлатов Мехмонали Балиқчи туман “Қиличбурхонбува” масжиди имом-хатиби