Бойлик — бу синов

Баъзи бир қўли узун, бой кишиларни шундай деганларини эшитамиз: “Одамларга ҳайронман, жуда кўпчилик олдимга ҳар хил муаммолар билан келиб ёрдам сўрайди. Бировдан ёрдам сўрамасдан ўзини-ўзи эпласа бўлмайдими?!” Бундай шикоятни ўрнига бой кишилар шундай дейишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди: “Шунча молу давлатни одамлар ичидан танлаб менга берган Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсин. Мени кўпчилик қийналган мусулмонларга ёрдам берувчи кимсалар қаторида қилди. Мени бировлардан ёрдам сўрайдиганлардан қилмади. Қўлимдан келганича, имкон қадар бировларга ёрдам бераман”. Чунки, Аллоҳ хоҳлаган кимсани бой қилади, хоҳлаганини эса камбағар қилади. Бойни муҳтож ва муҳтожни бой қилиш Аллоҳга ниҳоятда осондир. Шундай экан, бировга ёрдамимиз тегишидан хурсанд бўлишимиз ва мана шундай мартабани берган Аллоҳга доимо ҳамд айтиб, бу эзгу ишда пешқадам ва бардавом бўлишимиз керак. Бу ҳақда  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

“Ким бир мўминдан дунё машақатларидан бирини  аритса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунёю охиратда беркитади, модомики киши биродарини ёрдамида экан, Аллоҳ уни ёрдамидадир” (Имом Термизий ривоятлари).

Шундай экан, битта амалга кўплаб савоблар ваъда қилинган Рамазондан фойдаланиб, хайр-саховатни турли кўринишда қилиш мумкин. Масалан, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам қилиш, қаровсиз қолганлар, хусусан боқувчисини йўқотган оилалар, бемор ва қариялар ҳолидан хабар олиш айни савобдир. Қолаверса, ҳозирги карантин пайтида муҳтожларга озиқ-овқат ёки дори-дармон каби кунлик эҳтиёжларини етказиб, уларни хурсанд қилиш жуда улкан ажр ҳисобланади.

Аллоҳ таоло , бизни эҳсон қилувчи, сахий ва кўпчиликка ёрдами тегадиган кимсалар қаторидан қилиб, уларга ваъда қилинган савоб ва фазилатларидан барчамизни баҳраманд айласин! Омин!

Раззақов Абдуқаххор Балиқчи туман “Полвонкўл” жоме масжиди имом-хатиби