Ҳалол касб

Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Шунинг учун Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда ўрнига ётса, туни гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтади” (Имом Ибн Асокир ривоятлари).

Банда ҳалол меҳнат қилиб, аҳли-аёлимнинг нафақаси зиммамдаги вожиб амал, деб ихлос билан бозорга қадам қўйиб кириб борар экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган қуйидаги дуони ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бинобарин, бунда дуо қилувчи учун кўплаб фойдалар бор. Умар ибн Хаттоб р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. бундай дедилар:

“Кимки бозорга кириб, “Ла илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу ла шарика лаҳу,  лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмиту ва ҳува ҳайюл ла ямуту биядиҳил хойру ва ҳува ъала кулли шайъин қодир”, — деса Аллоҳ унга минг-минг яхшиликлар ёзади, минг-минг хатосини ўчиради, уни минг-минг даражага кўтаради” (Имом Термизий ривоятлари).

  Дарҳақиқат, ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилиш бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни)танг қилур. Бирор нарсани(муҳтожларга холис)эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ)унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”(Сабаъ сураси, 39- оят).

Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон бўлади.

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфи ота” масжиди имом-хатиби