Албатта Аллоҳ тезда тангликдан кейин енгилликни пайдо қилур

Дарҳақиқит, Аллоҳ таоло бандаларини қийинчиликка ташлаб қўймайди, балки тезда енгиллик беради. Аллоҳ таоло ояти каримада шундай марҳамат қилади:

“Албатта Аллоҳ тезда тангликдан кейин енгилликни пайдо қилур” (Талоқ сураси, 7-оят).

Аллоҳ таоло мана шундай оз муддатли қийинчилик кунларида сабр қилган, ибодатларда қоим бўлган, муҳтожларга ёрдам берган ва чиройли хулқларини сақлаб қолганларга охират саодатини ваъда қилади:

“Парвардигорларининг розилигини истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир” (Раъд сураси, 22-оят).

Гоҳида инсон ёмонлик деб ўйлаган нарса унга яхшилик бўлиб чиқади. Қуръони каримда шундай дейилади:

 “Сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара сураси, 216-оят).

Дунёда хурсандчилик билан хафачилик доим ёнма-ён юради, лекин Аллоҳ таоло бандаларига етган азиятлар сабабли уларнинг даражалари кўтарилиши, қалблари покланиши ва гуноҳлари ювилиб кетишини хоҳлайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир нечта ҳадисларида марҳамат қилганлар. Жумладан:

Мўъмин кишига бирор тикан кирса ёки ундан каттароқ мусибат етса, албатта, Аллоҳ ана шу сабабли унинг даражаларини кўтаради ёки унинг хатоларини ўчиради” (Имом Муслим ривоятлари).

Бошқа бир ҳадисда шундай дейилади:

“Савобнинг улуғлиги бало-мусибатнинг катталигига қарабдир. Агар Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларга синов юборади. Ким бунга рози бўлса, Аллоҳ ҳам ундан рози бўлади. Ким синов-мусибатдан ғазабланса, унга ҳам ғазаб бўлади (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Демак, инсон мусибатларни Аллоҳ таолодан билиб, сабр-тоқатли ва шукрли бўлса, жазавага тушмаса, ўз ҳолатидан ғазабланмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилиги, ёрдами ва фазли бўлади.

Юлбарсов Мўминали Балиқчи туман “Пучуқой” масжиди имом-хатиби