Ақида – эътиқод масаласи

Ақида – эътиқод масаласи динимизнинг таянч устунлари ҳисобланади. Ибодатларимиз, хайрли амалларимизнинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши айнан эътиқодимизнинг тўғрилигига боғлиқдир. Шу сабабли уламолар ақида илмига жиддий эътибор қаратиб, унинг ҳар бир масаласини шарҳлаб беришга ҳаракат қилганлар.

Маълумки, дунёдаги мусулмонларнинг аксарияти, жумладан Ўрта Осиё мусулмонлари ва бизнинг юртдошлар ҳам Қуръон ва ҳадисдаги ақидавий масалаларни тушунишда Аҳли сунна вал жамоанинг Мотуридий ақидаси ва ҳанафий мазҳабидамиз.

“Аҳли сунна вал жамоа” арабча ибора бўлиб, “Суннат (ҳадис)га амал қилувчи ва жамоатга эргашувчи кишилар”, деган маънони англатади. Аҳли сунна вал жамоа ким дейилса, улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, илмда пешво саҳобаи киромлар, чор ёрлар яъни, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али разияллоҳу анҳум ва тобеъинларнинг тутган йўлларини маҳкам ушлаганлардир, деб жавоб берилади.

Манбаларга қараганда, Аҳли сунна вал жамоа атамаси исломнинг дастлабки даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган адашган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли сунна вал жамоа атамаси юзага чиқди.

Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга умматларининг етмиш уч фирқага бўлиниб кетишлари билдирилган. Бу ҳақда  У зот алайҳиссалом шундай хабар берганлар:

“Яҳудийлар етмиш бир фирқага бўлиндилар. Уларнинг биттаси жаннатда етмиштаси дўзахда. Насоролар етмиш икки фирқага бўлиндилар. Уларнинг етмиш биттаси дўзахда, биттаси жаннатда. Аллоҳга қасамки, менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинадилар. Уларнинг биттаси жаннатда, етмиш иккитаси дўзахдадир”. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг расули! У биттаси кимлар?”, дейилди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Улар жамоадир”, дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Уламоларимиз ҳадисдаги     “жамоат”дан мурод Аҳли сунна вал жамоа йўналиши назарда тутилади, деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда фақат битта жамоа тўғри йўлдан оғишмасдан нажот топишлари хабари берилган. Бу жамоанинг қандай сифатда бўлиши ҳақида бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Умматим асло залолат устида жамланмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсаларингиз “саводул аъзам” билан бирга бўлинглар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Ушбу ҳадисдаги “Саводул аъзам” калимаси “улкан жамоа” маъносига тўғри келади. Уламоларимиз “улкан жамоа” дан мурод Аҳли сунна вал жамоа йўналишидир, – деганлар.

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфи ота” жоме масжиди имом-хатиби