Ўғрилик иллати

Муниса холанинг қизи маҳалладаги гуллар парвариши билан шуғулланадиган аёлникидан чиройли гулнинг шохини синдириб олиб келибди. Шунда она қизига «Гул ўғирлаб олиб келса, савоб бўлади, ажаб қилибсан» дея уни оқлади.
«Ошқовоқни сўрамасдан олдим, шундай қилса савоб эмиш», «Китобни ўғирлаганнинг айби йўқ» деган асоссиз гапларни тўқиб олган айрим кишилар наҳотки ўғирлик катта гуноҳ эканини ҳис қилмасалар? Бундайларга қарата гуноҳларнинг энг зўри ўғирлик эканини айтиб қўймоқчимиз.
Маросимлардан биридаги суҳбат асносида ўғирлик тўғрисида гап кетди.
— Ҳозир кўнгилхушлик учун ўғирлик қиладиган ёшлар тоифаси чиқибди, — деди бир киши. — Ҳеч бир камчиликсиз яшайдиган одамларнинг болалари ҳам шерикларига қўшилиб ўғирликка қўл ураётган экан.
— Олдинлари ўғрилар ҳеч бўлмаса андиша юзасидан ўз маҳалласида «ов» қилмас эди, — деди бошқа киши. — Ҳозирги ўғрилар «иш»ни қўни-қўшни, қариндош-уруғлардан бошлашяпти. Ўз уйини ўмарадиганлар борлигига нима дейсиз?!
Шу пайт бир маҳалладошимиз гапга қўшилди:
— Ўғрини қарғамаслик керак экан, — деди томдан тараша тушгандек. — Қарғасангиз, ўғирлатган нарсангиз ўғрига ҳалол бўлиб қолар экан. Агар «эгасига кетибди-да» деб, рози бўлиб қўйсангиз, ўғрига инсоф кириб, ўғирлатган нарсангиз ўзингизга қайтар экан…
Табиийки, оқ-қорани яхши таниганлар бу фикрга қўшилганлари йўқ. Даврадаги ёшлардан айримларига эса бу фикр хуш ёққандай бўлганини сездим.
— Ўғрилар ҳам Худо дейди-да, — деди кимдир. Шунда ҳалиги ёшлардан бири шерикларига «эшитдиларингми» дегандек имлаб қўйди.
Шу баҳона, ёшларнинг олдида билиб-билмай гапириб қўйишларимиз билан ҳам уларнинг тарбиясини бузиб, фикру қарашларини лойқалатиб қўйишимиз мумкинлигига яна бир бор амин бўлдим.
Аллоҳ таоло ўз каломида бандаларни бир-бирларининг молига тажовуз қилишдан қайтарган. Ҳадиси Шарифда бир кишининг молини ноҳақ олиш унинг қонини ноҳақ тўкиш билан тенглиги айтилган, гуноҳга розилик ҳам гуноҳкорлик экани таъкидланган. Бундан, ўғрига ўғирлаган молининг (эгаси «розиман» деб қўйса) ҳалол бўлиш щақидаги фикрга қўшилган киши ҳам гуноҳкор ҳисобланишини англаймиз.
Суҳбатдаги «Ўғрилар ҳам Худо дейди-да», деган гап ёшларга «Ўғирлик қилаётганда Худо деб турсанг бўлди», дегандек туюлмадимикин?
Ўғирлик ҳеч қайси нуқтаи назардан оқланмайди. Шундай экан, издиҳомларда «ўғирланган молга рози бўлиб қўйиш» кераклигини маслаҳат бергандан кўра, бу иллатларни қандай бартараф этиш лозимлиги ҳақида жиллақурса ўз фикрларимизни билдирсак, ўғриларга икки дунёда ҳам жазо нақд эканини ёшларга ҳаётий мисоллар орқали тушунтирсак, тўғрироқ бўлармиди… Ўзингиз айтинг, ҳаётингиз давомида (ўғирланган молнинг эгаси «кетган молимга розиман» дегани учун) нечта ўғрига инсоф кириб, ўғирланган молнинг эгасига қайт¬ганига гувоҳ бўлгансиз?..
Эҳтимол, шу гапларни валдираган одамнинг ўзи «савоб учун» китоб ёки мева ўғирламас, лекин унинг гапини ҳали ақли тўлишмаган ёшлар қулоғига қуйиб олиб, ҳалол-ҳаромни фарқламайдиган бўлиб ўсмаслигига кафолат борми?

Балиқчи тумани «Жахонгирхон» масжиди мутаваллиси Жахонгиров Нўъманхон