Рибодан сақланинг!

Улуғлардан шундай ҳикмат бор: “…қаноатли бўлгин, одамларнинг шукр қилувчироғи бўласан. Яхши кўрган нарсангни уларга ҳам раво кўр, мўмин бўласан. Кулишни камайтиргин, чунки кўп кулишлик қалбни ўлдиради”. Баъзан ён-атрофимиздаги инсонларнинг юриш-туриши, ўзини тутишини кўриб шундай ҳикматли сўзлар хаёлингдан ўтади. Чунки инсон қандай шароитда яшамасин, қай ҳолатда бўлмасин шукр қилувчилардан бўлиши керак.
Роҳила савдога қўл урди-ю, ишлари беш бўлиб кетди. Чет эллардан товар суриб келди. қўли-қўлига тегмади, бир дақиқа бўлсин тинчимади. Ўзини ўтдан-чўққа уриб данғиллама ҳовли-жойлар қурди, қўша-қўша машиналар олди. Эри Азамат ҳам ишлари юришиб кетганидан димоғи чоғ эди. Роҳиланинг қўлида катта дастмоя тўпланганидан кейин у барча топган пулларини фоизга бера бошлади. Яъни ҳеч қандай меҳнат қилмасдан туриб, мўмай-мўмай пуллар оқиб кела бошлади. Жонини койитиб ишламаса ҳам ойига бир миллион сўм олган киши унга қўшимча равишда 250 минг сўм берди. Маблағларни бирор ишнинг бошини тутган бадавлатроқ одам олса-ку майли, лекин муҳтожликда қарз кўтарган одам фоизини тўлай олмай қолса, қарзига қарз қўшилиб касодга учради. Ҳатто уй-жойини сотиб қарзидан қутулган бечоралар ҳам бўлди. Хуллас, кимларнингдир кўз ёшлари, пешона териси эвазига топилган пуллар Роҳилани бадавлат хонимга айлантирди. Инсонннинг кўзи оч бўлмасин экан. Чунки аёл энди ўзи машинасида улгуржи товар олиб келиб тарқата бошлади. У борига қаноат қилмади, шукрни унутган ҳам эдики, жазосини олди. Кунларнинг бирида… автоҳалокатга учраб, оёқ-қўли синиб, бир умрга ногирон бўлиб қолди. Оғир дамларда унга миллионлаб йиққан пуллари ҳам кор келмади. Бугун у ўтмишини ўйлар экан, борига шукр қилмаганига кўп бора пушаймон чекади. Дунёда энг катта бойлик сабр-тоқатли бўлиш эканини унутганини бугун шифтга термулиб ётганида кўп бора хаёлидан ўтказади.
Афсуски, бой-бадавлат бўлиш ҳамиша кишига тўла маънода бахт ёки омад олиб келмайди. Шундай экан, борига шукр қилиб яшайлик, азиз юртдошим .

Балиқчи тумани «Жахонгирхон» масжиди мутаваллиси Жахонгиров Нўъманхон