Нафс иллатларидан бири – ҳасаддир

Нафс иллатларидан бири – ҳасаддир. “Ҳасад” луғатда “бирор нарсани терисини шилмоқ ёки қирмоқ” деган маънони билдиради. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида аллома Муновий шундай дейдилар:

“Ҳасад – неъматга лойиқ бўлган кишидан уни завол бўлишини умид қилишдир” (“Ат-Тавқиф ала муҳимматит-таориф” 139-бет).

Энг биринчи гуноҳ ҳам Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг” (Аъроф сураси, 12-оят).

Ибн Атия раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таолога биринчи қилинган гуноҳ –ҳасаддир. У Иблисдан содир бўлган эди”, – деганлар.

Қатода разияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида: “Аллоҳни душмани бўлган Иблис Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло берган иззат-ҳурматига хасад қилди ва “Мен оловдан, у эса лойдан яратилган”, – дея кибрланди”, – дейдилар.

Уламоларимиздан бирлари бу хақда: “Албатта ҳасад қилувчи Иблисга ўхшайди. Чунки у мусулмонлардан Аллоҳнинг неъматларини кетиши, улар орасида фасод кўпайиши каби Шайтонга маҳбуб бўлган ишларни талабида бўлади”, — деганлар.

Ер юзидаги биринчи қотиллик ҳам ҳасад сабабли содир бўлди. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ўз укаси Ҳобилга ҳасад қилди ва унинг қотилига айланди. Қуръони карим оятларининг бирида шундай дейилади:

“Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди” (Моида сураси, 30-оят).

Ҳазрати Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Қобил тарафидан бу иш содир бўлгунига қадар ер юзида барча инсонлар итоаткор мусулмон ҳолларида тинч тотув ҳаёт кечиришар эди

Балиқчи тумани «Жахонгирхон» жоме масжиди имом хатиби Мажидов Абдулфаттох