Исроф саховат эмас

Ислом таълимоти чиройли ва ҳалол йўллар билан топилган мол-мулкни беҳудага сарфламаслик ва уларни ўз ўрнида фойдали ишларга йўналтириш, ҳожатманд кишиларни ҳам манфаатини асло унутмасликка даъват этади. Дарҳақиқат, машаққатли меҳнат эвазига ишлаб топилган мол-мулкни исроф этиш ўта адолатсизлик ҳамдир.
Исрофгарчиликка эса ўзимиз кўриб-билиб турганимиз ҳолда йўл қўямиз. Айниқса, тўй-издиҳомларда, маърака-маросимларда дастурхонга тортилаётган таомларнинг хилма-хиллиги, ортиқча ҳою ҳавасларга берилиб, сеп-сидирғаларни меъёридан ҳам орттириб қилаётганлар уволдан қўрқиш кераклигини ожиз ақли тушуниб етмайди.
Қарз-ҳавола олиб тўй қилиб, қора қозонини сувга ташлаб ўтираётган биродарларимиз ҳам йўқ эмас. Афсуски, бундайлар биринчи навбатда ўзларига ўзлари жабр қилаётганларини қачон англаб етадилар.
Абу Лайс Самарқандийдан шундай нақл қиладилар: «Одамлар тўрт тоифадир: сахий, бахил, исрофгар ва тежамкор. Сахий дунёдаги насибасини охират учун сақлаб қўйган киши, бахил дунёда ҳам охиратда ҳам насибасини қолдирмаган киши, исрофгар охират насибасини дунёда ишлатган киши, тежамкор дунё ва охиратда насибасини олган кишидир».
Исроф дейилганда фақат маблағ ёки мол-мулкни ноўрин жойларга совуриш тушунилмайди. қимматли вақтни беҳуда ўтказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир.
Одам бир умр яхши кунларимга, тўй-томошаларга ишлатаман деб йиғинади. Лекин барча топганларини бир кунда совуриб юбориш адолатдан эмас.
Маҳмуд исмли киши қизини узатаётганда каттагина қарз кўтариб қўйган эди. Тўй дабдабали ўтди, келин бўлмишнинг сеп сидирғаси, мебеллари ҳақида қишлоқда анчагача оғиз кўпиртириб гапириб юришди. Мана орадан бир йил ўтди ҳамки, бечора қарзларидан қутула олмаяпти. Эрта-ю кеч ўйлайвериб қон босими ҳам кўтарилди, юрагида қаттиқ оғриқ турди. Бир кунлик тўй ўтди-кетди-ю, лекин ўзининг ёшгина жонига жабр қилгани қолди. Ўз-ўзини асраш, саломатлигининг қадрига етиш керак эмасмикин.
Умрни фойдасиз ишларга сарф этиш аслида энг катта исрофлардан биридир. Шунинг учун ўзни аяш керак, уволдан қўрқиш керак

Балиқчи тумани «Жахонгирхон» масжиди имом-хатиби Мажидов Абдулфаттох