Никоҳнинг шариатимизга киритилиш ҳикматлари

Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Динимизда оила қуриб яшаш савобли амаллардан бири ҳисобланиб, уни қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш каби оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб берилгандир. Аллоҳ таоло оила қуриб яшаш инсоний фитратга мувофиқ эканини эслатиб, шундай марҳамат қилган:

“Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик” (Зориёт сураси, 49-оят).

Демак, Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратган. Масалан, эркак-аёл, кеча-кундуз, иссиқ-совуқ ва ҳоказолар.

Яна бир ояти каримада оила қуришга тарғиб қилиб, шундай дейилган:

“Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (Нур сураси, 32-оят).

Аллома Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тафсирида бундай деганлар: “Оятда қарамоғида бўйдоқ йигит ёки бўйига етган қизлари бор кишиларга: “Уларни никоҳлаб, сарф-харажатларига ёрдам беринглар, шунда ўғил-қизларингизнинг иффатларини сақлаб қолурсизлар!” деб буйруқ берилмоқда”.

Ҳанафий мазҳабимизда киши уйланиб, ҳаётини иффат ва покизалик билан ўтказиши уйланмасдан умрини нафл ибодатда ўтказишидан кўра афзалдир дейилган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оила қуришга тарғиб қилиб, шундай деганлар:

“Никоҳ менинг суннатимдир. Ким мени суннатимга амал қилмаса мендан эмас. Турмуш қуринглар! Зеро, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Ким авратини ҳаромдан сақлаш ҳамда шариат буюрган ишларни амалга ошириш мақсадида оила қурса, Аллоҳ таоло унга мададкор бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

“Уч тоифа кишиларга ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир”, … (улардан бири), “ўз иффат-покдомонлигини сақлаш истагида уйланиб-турмуш қилувчидир” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Шунинг учун ҳам олдин фақир бўлиб, никоҳдан сўнг бой-бадавлат бўлиб кетган қанча-қанча одамлар бор!

Никоҳнинг шариатимизга киритилиш ҳикматлари:

Никоҳ орқали эркак ва аёлнинг иффатини сақлаш;

Инсон сулоласини инқирозга учраб йўқ бўлиб кетишдан ҳимоя қилиш;

Наслу насабни боқий қолиши ва муҳофаза қилиниши;

Жамият қуришнинг асоси бўлган оилани барпо қилиш;

Оила ва жамият аъзолари орасида ўзаро яхши алоқаларни ўрнатиш ва уларни ривожлантириш.

Раззақов Абдуқаххор Балиқчи туман “Полвонкўл” жоме масжиди имом-хатиби